Тошкент шаҳрида Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги III конгресси иш бошлади.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон олимлари ва шифокорлар билан бир қаторда АҚШ, Канада, Швейцария, Австралия, Буюк Британия, Туркия, Испания, Иордания, Миср, Бангладеш, Эрон, Покистон, Кувайт, Қатар, Уммон султонлиги, Сурия, Покистон, Ливан, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан 120 нафардан зиёд соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этмоқда.

Конгрессда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Жаҳон трансплантологлари жамияти президенти Мехмет Хаберал ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг трансплантология бўйича координатори Хосе Нуньес-Пенья сўзга чиқишди.

Тадбирда замонавий тиббиётда трансплантология, яъни инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилиши инсон саломатлигига оғир асорат етказувчи бир қатор хасталикларни даволашда катта имкониятлар яратаётгани, ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморда ана шундай трансплантология амалиёти бажарилиши, Ўзбекистонда ҳам тиббиётнинг бундай замонавий ютуқларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

«Ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлардан беморларга жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти самарали амалга оширилмоқда. Юртимизда тиббиёт муассасаларида сўнгги икки йилда биргина буйрак трансплантологияси амалиёти уч юзга яқин беморда муваффақиятли ўтказилди.

















