Жамият | 15:00 / 11.10.2019
4804
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда менингит хасталигига йўлиқиш анча юқорилаган — Санитар-эпидемиологик осойишталик агентлиги

10 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Санитария-эпидемиология назорати йўналишидаги барча давлат идоралари раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 сентябрида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, давлат санитария-эпидемиологик марказлари негизида икки тизим – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.

«Шу пайтгача санитария-эпидемиология осойишталиги ҳолатининг барқарорлигини таъминлайдиган ягона тизим бўлган бўлса-да, аммо унда бир-бирига зид равишдаги фаолиятлар мавжуд эди. Мазкур тизимда соҳадаги меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш, ижро қилиш ва амалга оширилган ишларни Соғлиқни сақлаш таркибидаги Санитария-эпидемиология назорати хизмати назорат қиларди. Бироқ, бу ички зиддиятларга олиб келди. Натижада, бажарилган тадбирлар ўзининг кутилган самарасини бермади. Шу ва бошқа қатор омиллар икки тизимнинг яратилишига сабаб бўлди», дея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитар-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда айтилишича, ҳар йили Ўзбекистонда назоратдаги 63 хил турдаги касалликлар қайд этилмоқда. Жорий йил бошидан бери ўртача 32 мингдан зиёд фуқаро вирусли депатит А ҳамда 40 мингдан ортиқ шахс ўткир юқумли ичак касалликларига чалингани аниқланди. 9 ой мобайида менингит хасталигига йўлиқиш анча юқорилаган, яъни 121та ҳолатда кузатилган. Унинг 60 фоизи Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар ва хорижлик меҳмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мавзуга оид