Йилдан йилга фуқароларнинг чет элга чиқиш кўрсаткичи ошиб бормоқда. Кимдир иш, кимдир дам олиш, яна кимдир зиёрат мақсадларни кўзлаб, хорижий давлатларга йўл олади.

Айниқса, Умра амалларини бажаришда хусусий турфирмалар ҳам ўз хизматларини кўрсатаётгани фуқаролар учун янада кенгроқ имкониятлар эшигини очгани рост. Буларнинг барчаси яхши албатта. Аммо масаланинг иккинчи, бироз хавотирли томони ҳам бор.

Сўнгги йилларда менингитга тез тарқалувчи касаллик сифатида қаралиб, бунга қарши тизимли эмлаш ишлари ташкил қилиб келинган. Жумладан Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишга отланган ҳар бир ўзбекистонлик бу вакцинани қабул қилган. Аммо охирги вақтларда бу вакцинани қабул қилиш масаласи эътибордан деярли қолиб кетди.

Хавотир

Менингит — ўта юқумли касаллик бўлиб, бош ва орқа мия пардаларининг ўткир яллиғланиши билан кечади. Мазкур касаллик дунёнинг аксарият мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимининг жиддий муаммоси бўлиб, касалликка чалинган беморларнинг ўлим ҳолатлари ва ногиронлик даражасининг юқори бўлиши билан хавфли. Асосан Африка мамлакатларида кўп учрайди, ундан йилига 250 000 бемор вафот этади.

Сафарга отланган фуқаролар вакцина олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Натижада турли касалликларга чалиниш эҳтимоли ортади. Бу орқали нафақат ўзи, балки атрофдагиларнинг ҳам саломатлиги хавф остида қолади. Хорижда бўлиб қайтган ҳар бир одам ўзи билмаган ҳолда қайсидир касалликнинг ташувчисига айланиб қолиши мумкин. Kun.uz хавфли менингит касаллиги ва ундан сақланишда вакцина олишнинг аҳамияти ҳақида мутахассислар фикри билан қизиқди. 

Менингит касаллиги нимаси билан хавфли? Нега биз бу касалликдан ҳимояланишимиз керак? Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати эпидемиология бўлими бошлиғи, Тиббиёт фанлари номзоди Людмила Кудашева мазкур саволларга жавоб берди.

“Менингококк инфекцияси дунёнинг барча ҳудудларида қайд этилган юқумли касалликлардан бири. Кунига 30 000 га яқин бемор рўйхатга олинадиган давлатлар ҳам бор. Бу, биринчи навбатда, Нигер, Нигерия, Жанубий Судан, булар Африканинг жанубида жойлашган, “менингококк камари” деб аталадиган мамлакатлардир. У ерда ҳақиқатан ҳам жиддий эпидемик вазият бор ва бу жиддий глобал таҳдидни англатади.