«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси фаолияти журналистлар нигоҳида
2019 йил 11 октябрь куни "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги ПП-4335-сонли "Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросининг боришига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда,"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ижро этувчи аппаратининг раҳбарлари ва мутахассислари, уюшма таркибидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Оммавий ахборот воситалари ҳамда аҳолини қизиқтираётган шу каби саволларга тадбир ташкилотчилари томонидан батафсил жавоб берилди.
Қарорда таъкидланганидек, республикамизда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган қурилиш материаллари саноатидаги таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунда юртимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Ўтган йилларда 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 тадан ошиб кетди.
Бугунги кунда мазкур корхоналарда ишлаб чиқарилган керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, гулқоғоз, линолеум, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, пардозбоп тошлар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар сингари қурилиш материалларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон бозорларида талаб ортиб бормоқда. Эндиликда улар қаторига Озарбайжон, Тожикистон ва Афғонистон ҳам қўшилди.
Шу вақтга қадар аксарият қурилиш маҳсулотлари четдан олиб келинар эди. Бугун қурилиш ишларида ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳам хорижникидан қолишмайди. Мисол учун Жиззах вилояти Фориш туманида базальт тошини қайта ишлаш орқали базальт толаси ва арматура композицияларини келтиришимиз мумкин.
Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар томонидан жорий йилнинг январ-сентябрь ойларида 3,5 трлн. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 106,9 фоиз). Ўсиш суръати асосий турдаги қурилиш материаллари ҳисобланган - цемент ишлаб чиқариш бўйича 108,2 фоизни, керамик плитка бўйича 150 фоизни, гипсокартон бўйича 137,1 фоизни, гулқоғоз (обой) бўйича 6,1 мартани ташкил этган.
Ушбу даврда соҳа бўйича жами 115,0 млн долларлик экспорт амалга оширилган. Шу жумладан, уюшма таркибига кирувчи корхоналар томонидан қурилиш материаллари экспорти 50,2 млн долларни ташкил этиб прогнозга нисбатан 100,4 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125,4 фоизга ошган. Экспорт қилинган маҳсулотлар жумласига керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, гулқоғоз (обой), қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган пардозбоп плиталар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар ва бошқалар киради. Тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 320,8 млрд. сўмни ташкил этди.
Сўнгги йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улкан ютуқларга эришилди. Хусусан, 2016 йилга нисбатан 2019 йил якунида цемент ишлаб чиқариш қуввати 8,5 млн. тоннадан 15 млн. тоннага етказилади. Йил оҳиригача мамлакатимизда шу кунгача ишлаб чиқарилмаган газобетон блоклари (йиллик қуввати 350 минг метр куб), обой (йиллик қуввати 1 млн. 300 минг рулон), керамогранит, қуйма пол, 600 маркали цемент, геосетка, пенаблок, шиша кристаллит, компазит қурилиш материаллари ва ДСП (йиллик қуввати 195 минг метр куб) ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилда 17 инвестиция лойиҳаси бўйича 316,9 миллион доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида қамиш асосида йилига 200 минг куб метр ДСП ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Кварц” акциядорлик жамиятида йилига қалинлиги 2 миллиметрдан 19 миллиметргача бўлган 22,2 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш, “Самарқанд Афросиёб цемент” МЧЖда йилига 561 минг тонна, “Оҳангаронцемент” АЖда йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш заводини ташкил этиш кабилар шулар жумласидан. Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича жами 118,7 миллион доллар миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган прогнознинг 144 фоизга бажарилиши таъминланди.
Шунингдек, жорий йилда Тошкент вилоятида “EMG” МЧЖ корхонасида йилига 2,1 миллион квадрат метр керамогранит, Сирдарё вилоятида “Грет Вал Стар” МЧЖда йилига 30,0 минг куб метр МДФ плиталари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ишга туширилгани ҳам катта ютуқлардан биридир. Айни кунларда Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги саноат ҳудудида “Оҳангаронцемент” АЖ базасида қад кўтараётган янги заводнинг ишлаб чиқариш линиясида умумий қурилиш ишлари тугалланмоқда.
Юртимизда 25 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан жорий йилида 11 миллион тоннадан зиёд цемент ишлаб чиқарилади. Жорий йил август ойидан бошлаб Навоий шаҳрида жойлашган “Қизилқумцемент” АЖ томонидан республикамизда биринчи бўлиб М-600 маркали юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мавзуга оид
19:30 / 17.11.2021
1 йилда 3,6 млн квадрат метр сопол кошин ишлаб чиқарилмоқда. “Orient keramik” МЧЖга пресс-тур ташкил этилди
18:37 / 19.08.2021
“Ўзсаноатқурилишматериаллари”: Жорий йилда инвестиция дастурига кўра 306 млн долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилади
21:30 / 27.07.2021
4 трлн 348,9 млрд сўм. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2021 йил 6 ойида шунча миқдорда қурилиш моллари ишлаб чиқилди
19:30 / 12.07.2021