Абрамов ҳар қанча камтарлик қилиб, хатолар ҳақида гапирмасин, кечаги ўйин ҳар қандай мураббий учун идеал кечди, деб айтиш мумкин ва ишонаманки, аслида Карленич ҳам ўзини зўрға босиб турибди. Йирик ҳисобда ғалаба қозонилди. Дарвоза дахлсизлиги сақланди. Рақиб атиги бир марта аниқ зарба берди. Бирор марта бурчак тўпи тепмади ҳатто.
Тезкор гол урилди. Таркибга янги қўшилган футболчи ҳисобни очди. Захирадан майдонга тушган футболчи ҳам гол урди. Голни бош билан ҳам урдик, стандарт вазиятлардан ҳам урдик, узоқ масофадан зарба билан ҳам, комбинацион ўйин натижасида ҳам рақиб дарвозаси ишғол қилинди. Ҳар қандай мураббий учун идеал сценарий ва натижа. Хўш, Абрамов нимани ўзгартирди ва у нима билан мақтаниши мумкин аслида? Келинг шу ҳақида гаплашамиз.
Футболда «скилл» (skill) деган термин бор. Масалан, бир футболчининг қобилиятлари мажмуасини англатади. У боши билан қандай ўйнайди, зарбаси қанақа, техникаси, жисмоний кўрсаткичлари, бўйи, қайси оёқда қандай тепади, паслари – умуман майдонда керак бўладиган мана шу ҳаракатларни бажара олишига қараб унинг «скилл»ига баҳо бериш мумкин. Ўзбекча қилиб, «маҳорат» деса ҳам бўлади. Мураббийнинг вазифаси майдондаги 11 футболчининг у ёки бу маҳоратидан келиб чиқиб, таркибни ва вазифаларни аниқлаш. Мақсад шуки, 11 футболчининг «скилл»лари жамланмасидан жамоанинг умумий қобилияти максимум даражага чиқиши керак. Хўш, қисқа муддатда, натижа ҳам муҳим бўлиб турган пайтда, мана шу мақсадга эришишнинг энг қисқа йўли қайси? Бу иккинчи савол.
Давид Вильяни эсласангиз керак. Жаҳон ва Европа чемпиони. «Барселона»га ўтгач ҳам, унинг фаолияти ёмон кечмади. Чемпионлар Лигаси финалида гол урганининг ўзиёқ ҳаммасини айтиб турибди. Лекин савол туғилади, Вилья «Барселона»да бор маҳоратини намойиш қила олганми? Нега биз Вилья деганда, аввало Испания терма жамоаси либосини, кейин эса, «Валенсия»ни эслаймиз? Бу ҳақида бир пайтлар рус шарҳловчилари ҳам мунозара қилишганда, Юрий Розанов жуда қизиқ фикр айтганди. У Вильянинг «Барселона»да тўлиқ очилмаганини исботлар экан, шеригига савол берди:
- Хўп, Испания терма жамоасида Вилья зўрми ёки Педро?
- Албатта, Вилья.
- «Барселона»да-чи?
Шериги «Педро» деб юборишига сал қолганди. Айтмаса ҳам, ҳаммаси тушунарли эди, албатта, «Барселона»да Педро кучлироқ кўринарди. Хўп, ҳеч бўлмаса айтиш мумкинки, бу саволга жавоб худди Испания терма жамоаси каби аниқ эмас, «Педро яхшироқ» дейдиганлар чиқади «Барселона» учун, тўғрими?

















