Сурия курдлари маълум қилишдики, агар турк ҳарбийларининг юриши давом эттирилса, улар ИШИД жангарилари сақланаётган қамоқхоналарни қўриқлашга эътиборни сусайтиришга мажбур бўлишади.

«Сурия демократик иттифоқи» партияси (SDF) бошқарувидаги курдлар айни вақтда ИШИД билан алоқадорлиги учун қўлга олинган бир неча минглаб кишилар тутиб турилган қамоқхоналарни назорат қилишмоқда.

Туркия ҳарбийлари ҳафтанинг чоршанба куни курд ҳарбий бўлинмаларига қарши «Тинчлик булоғи» номли ҳарбий амалиёт бошлади ва айни вақтда турклар Сурия шимоли-шарқида ҳарбий ҳаракатларни олиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, чегара ҳудудида икки томоннинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида камида 50 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Туркия курдларни терроризмда айбламоқда ва уларни Сурия ичкарисига суриб ташлаб, чегарада 30 километрлик «хавфсиз ҳудуд» ташкил этишни исташини билдирмоқда. Туркия ҳукумати бу ҳудудга ҳозирда Туркия ҳудудида истиқомат қилаётган 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинларни жойлаштиришни мақсад қилган.

БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар туфайли 100 мингдан ортиқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бу рақамлар 450 минг нафарга етиши ҳам мумкин.

100 мингдан ортиқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди / AFP

Сурия шимолидаги курд маъмурияти маълум қилишича эса, бошпанасиз қолган курдлар сони 200 мингга яқинни ташкил этмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб кетиш ҳақидаги қарори Туркия ўз вақтида Ғарб мамлакатларига ИШИДга қарши курашда асосий иттифоқчи бўлган курдлар устига юриш қилишига имкон яратиб берди.

Курдлар нима дейишмоқда?

Чегарада Туркия ҳарбийларига қарши жанглар «Сурия демократик иттифоқи» кучларига ИШИД жангарилари қамоқхоналарини қўриқлашга халал бермоқда. Бу ҳақда ташкилот раҳбарларидан бири Редур Кселил телемурожаатида маълум қилди.

«Эндиликда ИШИД жангарилари қамоқхоналарини қўриқлаш асосий вазифа эмас. Кимни бу маҳбусларни қўриқлаш масаласи ташвишга солаётган бўлса, келиши ва ечим топиши керак бўлади», деган курдлар раҳбари.