Жаҳон | 23:00 / 21.11.2022
9716
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Россияни Сурияда терроризмга қарши кураш бўйича мажбуриятларини бажармаганликда айблади 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиш заруратини Россиянинг Сурия инқирозини ҳал қилиш бўйича ўз мажбуриятларига масъулиятсиз муносабати билан изоҳлади. 

Фото: AFP

Бугун Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг 50 дан ортиқ F-16 қирувчи самолёти Суриядаги ўзини ўзи мудофаа қилиш қўшинлари ва Курдистон ишчилар партиясининг позицияларига ҳужум қилди, 20 га яқин Bayraktar Akinci дронлари «Тирноқ-қилич» операциясида иштирок этди.

«Бир неча марта огоҳлантиришимизга қарамай, 2019 йилги Сочидаги келишувимизга кўра, шимолий Ироқ ва Сурияни террорчилардан тозалашга масъул бўлган Россия ўз бурчини бажармади ва бажаришдан бош тортмоқда... Туркия буни қабул қила олмайди, терроризмга қарши жим тура олмаймиз ва чора кўрамиз. Биз террорчиларнинг Кобанидаги 12 та уясини йўқ қилдик», деб тушунтирди Эрдўған.

Туркия президенти курд тузилмалари позицияларига ҳаводан ҳам, ердан ҳам зарба беришда давом этишини таъкидлади. Туркия қуролли кучлари Суриянинг Кобани минтақасидаги барча нишонларни йўқ қилгани айтилмоқда.

Туркия 20 ноябр куни Сурия ва Ироқ ҳудудларига ҳаводан зарбалар берди. Анқарада бошланган «Тирноқ-қилич» операциясидан мақсад Истанбулдаги олти кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт учун масъул бўлган курд жангариларининг базаларини йўқ қилиш деб аталди. Сурия курдлари кечаги отишмалар оқибатида 30 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид