Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим ҳақида етакчи тадқиқотчи олимлар билан суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Физика-математика фанлари доктори, Жаҳон фанлар академиясининг ёш аъзоси Аҳмаджон Абдужаббаров бўлди.
Суҳбат мавзуси олий таълим тизими, ундаги муаммолар ечимига бағишланган. Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари таълим тизими, сифати, ўқув дастурлари хорижий университетлар билан таққосланган ҳолда таҳлил қилинган ва зарур таклифлар билдирилган.
— Хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги университет ва институтлардан асосий фарқи нимада — таълим сифатидами ёки тизим қулайлигида?
— Ўзбекистонда кўплаб маҳаллий олий ўқув юртлари билан бир қаторда хорижиий университетлар филиаллари ҳам фаолият олиб боради. Улар ўртасида фарқ, албатта, бор: тизимда ҳам, таълим сифатида ҳам. Бизда таълим жаҳон даражасига чиқиб ололмади, таълим сифати ислоҳ қилинмади.
Ҳар икки тизимли таълим муассасаларида фаолият олиб борганман. ЎзМУ ва ТАТУда физика фанидан дарс бераман, чет элда эса Франкфурт, Селизия, Фудан университетларида ишлаганман, шунингдек, Тошкентда янги очилган Амити университетида талабаларга маърузалар ўқийман.
Таълим сифатидаги фарқларга тўхталсам, Ўзбекистондаги олий таълимдаги фанлар ўқув юкламалари бундан 20-30 йил олдин шакллангани бўйи ҳали тубдан қайта кўриб чиқилмаган. Фан, хусусан, физика ёки математика фанлари бир жойда қотиб турмайди, доим ўзгаришда бўлади. Ҳар йили тубдан янгилаб туриш керак бўлади.
Яқинда эълон қилинган Президент фармонида олий таълим тизимини янги босқичга кўтариш бўйича вазифалар белгиланган. Ўйлайманки, мана шу вазифаларга тўғри ёндошилса, биздаги таълим сифати ҳам, олий таълимдаги ўқитиш тизими ҳам жаҳон стандартига мос келиб қолади.
Кредит таълим тизимига ўтилиши, ҳар бир фанни замон талабларига мослаш билан бирга шунга мос равишда адабиётлар, уларга энг сўнгги янгиликларни киритиш керак бўлади. Бунда 20-30 йил олдинги маълумот эмас, яқин 2-3 йилда ҳам қанча янгилик бўлмоқда. Глобаллашув даврида илм-фан тўхтаб қолгани йўқ.
Илм-фандаги энг сўнгги янгиликларни талабаларга етказиб беролмасак, биз чиқараётган кадрларимиз замонавий талабга жавоб бермай қолади деб ҳисоблайман.
















