Американинг энг йирик авиакомпаниялари самолёт ўриндиғидаги мониторлардан нега воз кечмоқда?
Американинг энг йирик авиаташувчиларидан учтаси маҳаллий рейслардаги йўловчи мониторларини олиб ташламоқда. Бу қарор уларга маълум маблағни тежаб қолиш имкони, йўловчиларга эса ноқулайлик туғдиради.
АҚШнинг энг йирик авиакомпанияларидан учтаси маҳаллий рейслар учун мўлжалланган самолётлари ўриндиқларидан йўловчи мониторларини олиб ташламоқда. American Airlines, United Airlines ва Alaska Airlines парвозлар вақтида йўловчиларга шахсий мобиль қурилмаларидан фойдаланишларини тавсия этяпти.
Табиийки, йирик авиаташувчиларнинг бу қарори мижозларда эътироз уйғотмоқда. «Демак, ўз телефоним бизнес-классда монитор вазифасини бажарар экан-да? Хизмат сифати деганда нимани тушунишингизни билиб олганимдан хурсандман», деб киноя қилади твиттер фойдаланувчиларидан бири. Бошқа бир мижоз эса самолётда ўтириб, қаршисидаги ўриндиқ ортида йўқ мониторни бор деб тасаввур қилаётгани ҳақида истеҳзоли видео юклаган.
Time журнали маълумотига кўра, авиакомпаниялар йиллар давомида ўриндиқлар орасидаги масофани торайтириб келяпти. 2000 йиллар бошларида эконом-классдаги ўриндиқларни ўртача 86-89 см ажратиб турган бўлса, ҳозирда бу масофа 76-79 см.гача қисқарган. Қисқа масофага парвоз қилувчи лайнерларда бу оралиқ 71 см бўлиши ҳоллари ҳам учраб туради.
Шундай шароитда, ҳар бир йўловчи учун индивидуал мониторлар ўрнатилгани парвознинг қулай ўтишига анча ҳисса қўшган эди. Хўш, ундай бўлса, сезгир дисплейларнинг олиб қўйилиши қанчалик тўғри қарор бўлди? Bloomberg мазкур янгиликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини санаб ўтди.
Ижобий жиҳатлар:
– Арзонроққа тушади. The New York Times`нинг ёзишича, биргина ўриндиқ ортига ўрнатиладиган монитор нархи 10 минг долларгача тушиши мумкин. Бу эса, одатий Boeing 737 самолётининг барча йўловчи ўриндиқларини шундай экран билан жиҳозлаш учун 1,7 млн доллардан кўпроқ пул кетишини англатади. Боз устига, монитор технологиялари тезда ўзгариб боряпти – монитор йўқми, ўз-ўзидан уни такомиллаштириб бориш харажатлари ҳам бўлмайди.
– Мониторларни олиб ташлаш самолёт вазнини камайтиради, натижада парвоз учун камроқ ёқилғи сарфланади.
– «Америка учун ҳаво йўллари» касаба уюшмаси томонидан 2018 йилда ўтказилган сўровномага кўра, самолёт ичидаги кўнгилочар қулайлик ва имкониятлар – мижозлар парвоз чиптасини сотиб олаётган вақтда ҳисобга оладиган жиҳатлар рўйхатида охиргидан иккинчи ўринда туради. Сўнгги ўринда – авиакомпаниянинг экологик масъулиятлилик даражаси.
– American Airlines вакилининг айтишича, АҚШда ҳаво транспорти йўловчиларининг 50 фоизидан кўпроғи камида иккита электрон қурилма билан (телефон ва яна бир қурилма) самолётга чиқади. Авиакомпания расмийсига кўра, йўловчиларнинг кўпчилиги қаршисидаги монитордан фойдаланмайди, уларнинг аксарияти ўзгаришни шунчаки сезмай қолишлари ҳам мумкин.
Салбий жиҳатлар:
– Фильм кўрса бўладиган катта экранли гаджетларга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Pew тадқиқот маркази маълумотига кўра, АҚШда йиллик даромади 30 минг доллардан кам бўлган оилаларнинг 46 фоизида компьютер йўқ. Бу тоифадаги ҳар 10 вояга етган кишининг 3 нафарининг смартфони ҳам йўқ. Қуйи даромадли оила вакиллари самолётда тез-тез парвоз қилиб турмаслиги мумкин, лекин улар баъзан чипта олишганида ҳам эконом-классдан олишади, бу классда эса тор ўриндиқда оёқни узатиб бўлмаслигини қайта-қайта эсга олавермаслик учун фильм кўриб чалғиш имконияти йўқ.
– Самолёт ичидаги wi-fi нархи баъзида 30 долларгача етиши мумкин. (Бу муаммони баъзи авиакомпаниялар текин интернет таклиф қилиш билан ҳал этишмоқда).
– Йўловчи энди бир вақтнинг ўзида ҳам овқатланиб, ҳам фильм кўриб кетиши қийин. Ўриндиқларга ўрнатилган йиғма баркаш (токча) устига iPad ёки лэптопингизни қўйиб, кино кўраётган бўлсангиз, егулик олиб келишганида гаджетни бир четга суриб қўйишингизга тўғри келади.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШ авиакомпаниялари маҳаллий парвозлар учун самолётларида индивидуал мониторлардан воз кечаётгани аввало уларнинг ўзларига фойда, мижозларга эмас.
Мавзуга оид
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024