Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
Кема тўрт йил давомида барча қитъадаги 140 та мамлакатга ташриф буюришни таклиф этмоқда.
Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан ҳафсаласи пир бўлиб, мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаётганлар учун Villa Vie Residences круиз компанияси дунё бўйлаб тўрт йиллик саёҳат таклиф қилмоқда, деб хабар берди Business Insider.
7 ноябр куни компания Villa Vie Odyssey кемаси бортида тўрт йилгача саёҳат қилиш истагидаги йўловчилар учун янги Skip Forward пакетларини эълон қилди.
“Ҳамма харажатлар ичида” тизими бўйича чипталарнинг нархи бир кишилик хоналар учун 255 999 доллардан, икки кишилик хоналар учун 319 998 доллардан бошланади. Кема тўрт йил давомида барча қитъадаги 140 та мамлакатга ташриф буюришни ваъда қилмоқда.
Компанияда арзонроқ ва қисқароқ муддатли вариантлар ҳам бор. Хоҳловчилар бир кишига 150 399 доллар, икки кишига 187 998 доллар турадиган икки йиллик Midterm Selection пакетини брон қилиши мумкин. Кема сафарида, шунингдек, бир, уч йиллик чипталар сотилмоқда.
Кемада спа-салон ва фитнес дастурлари мавжуд бўлиб, чипта нархига овқатланиш ҳам киритилган — тушлик ва кечки овқат пайтида пиво ва вино бепул тақдим этилади.
Аввалроқ Business Insider нашри Доналд Трамп 2024 йилги сайловларда ғалаба қозонса, миллионлаб америкаликлар мамлакатни тарк этиш имкониятини кўриб чиқмоқчилиги ҳақида хабар берганди. 6 ноябр куни тонгда унинг ғалабаси эълон қилингач, интернетда “Канадага кўчиб ўтиш” бўйича қидирув сўровлари кескин кўпайди.
Villa Vie Residences вакилининг Business Insider нашрига айтишича, Odyssey саёҳати бошқа мамлакат фуқаролигини олиб беролмаса-да, у йўловчиларга “шаҳар ҳаётининг бир хиллиги, тирбандликлар ва сиёсатдан қочиш имкониятини” тақдим этади.
Кечикишлар туфайли тўрт ой Ирландиянинг Белфаст шаҳрида тўхтаб қолган Odyssey кемаси сентябр ойида илк бор денгизга йўл олди. Такрорий кечикишлардан шикоят қилган икки йўловчи кемадан ҳайдаб чиқарилди ва уларнинг шартномалари бекор қилинди. Улардан бири — 68 ёшли Женни Феникс кемада дунё бўйлаб саёҳат қилиш учун барча мол-мулкини сотган эди.
Кема бортидаги бошқа йўловчилар, юзага келган муаммоларга қарамай, “таассуротлари катта” эканини айтган.
Мавзуга оид
21:44
АҚШ ядро қуролини Украинага қайтариш имкониятини кўриб чиқмаяпти
18:41
АҚШ Гуржистон билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
17:44
Трамп долларга муқобил валюта яратмоқчи бўлаётган BRICS аъзоларига таҳдид қилди
22:32 / 30.11.2024