Меҳмонхона қуриш учун танловда бино ютиб олган тадбиркор май ойидан буён сарсон бўлиб келаётгани, маъмурий ва бошқа тўсиқлар уни ишлашга қўймаётгани ҳақидаги мурожаатидан сўнг сарлавҳадаги савол юзага қалқиб чиқмоқда.
Тадбиркор айтган муаммога юзлашишдан олдин Самарқанддаги туризм аҳволига бир назар ташлаб олайлик.
Бу қадимий шаҳарда туризмдан келаётган даромадлар мавжуд салоҳиятга асло мос эмаслиги раҳбарлар томонидан ҳам, мутахассислар томонидан ҳам кўп марта танқид қилинди. Ўтган йили Самарқандга келган хорижий сайёҳлар сони 351 минг нафарни ташкил этгани айтилмоқда. Солиштириш учун, Париж шаҳридаги биргина Лувр музейига бир йилда ўртача 7 миллион нафар сайёҳ келаркан.
Айтиш мумкин, Самарқандни Париж билан солиштириб бўлмайди-да, деб. Тўғри, ҳозирча бизда инфратузилма яхшимас, меҳмонхоналар кам, муаммо кўпдир. Аммо бир нарса аниқки, шу соҳага ҳиссамни қўшаман, деган тадбиркорларга бугунгидек тўсиқлар қолаверар экан, бундан кейин ҳам соҳадаги муаммолар гирдобидан чиқиб кетиш гумон.
Бизга мурожаат қилган фуқаро Ж.Мамашукурова меҳмонхона соҳаси тадбиркорларидан бири.
«Жорий йилнинг 20 май куни Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари раислигидаги ишчи комиссия томонидан моддий-маданий мерос объектларни ижарага бериш бўйича танловда қатнашиб ғолиб бўлдим. Мазкур танловга қўйилган бинолардан бири — Самарқанд шаҳар Толмасов кўчасидаги 37- ва 37-«А» манзилда жойлашган маҳалла биноси эди. Мазкур биноларнинг тарихийлигига зарар етказмаган ҳолда, тегишли ташкилотлар белгилаган талабларни бузмасдан таъмирлаб, меҳмонхона қуриш таклифини бердим.
Асли танлов қоидаларидан бири ҳам моддий-маданий мерос объектларини ижарага олиб, яхши сақлаш ва фойдаланиш эди. Шу мақсадда иккита бино учун 9 миллиард сўм инвестиция киритиб, 30та иш ўрни яратишни мўлжаллаганман.
Аммо танловда ғолиб бўлганимга салкам ярим йил ўтган бўлса-да ҳамон ишни бошлай олмаяпман. Қўлимга тегишли ҳеч қандай ҳужжат берилган эмас. Қанчалик югурмай ҳеч нарсага эриша олмаяпман.
Вилоят ҳокимлиги, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, туризмни ривожлантириш департаменти Самарқанд бўлими ва шаҳар кадастр бўлимлари ўртасида қатнаб таъмирлаш учун қулай вақт бўлган иссиқ кунлар ҳам ўтиб кетди. Кадастр идорасидагилар «қарор бўлмаса кадастр қилиб бермаймиз», дейишса, ҳокимлик вакиллари «қарор бермаймиз», дейди.
Вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига қилган мурожаатимга жавобан туризм департаментидан келган вакил «эътирозим йўқ деган хатга қўл қўйиб беринг», деган илтимосдан нарига ўтмади», — дейди тадбиркор Ж.Мамашукурова.
























