Жамият | 12:27 / 17.10.2019
16552
6 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчиларга «тез ёрдам» машиналари бўйича мурожаат қилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчиларга “тез ёрдам” машинасига қандай қилиб йўл бериш зарурлиги борасида ўзига хос мурожаат ва эслатма билан чиқди.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги транспорт воситалари ҳайдовчиларига мурожаат қилиб, уларни "тез ёрдам" машинасига йўл беришга чақирганди. Тирбандликда қолиб кетаётган шифокорлар ва уларни кутаётган беморлар қимматли вақтни йўқотмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимларининг фикрича, ҳайдовчиларда шахсий жавобгарлик ва “тез ёрдам” машиналарига йўл бериш маданиятини шакллантириб бўлади. Аммо бунда нафақат давлат идоралари, балки жамиятнинг ҳам ҳиссаси қўшилиши зарур. Қуйида ИИББ эслатмаси тўлиқ ҳолда келтирилади:

Барча ҳайдовчилар умрларида бир маротаба бўлса ҳам йўлиққан ҳолатни тасаввур қилайлик. Автомобилингиз ортидан сирена овози эшитилди, кўзгуларда ўтиб кетиш учун устувор ҳуқуққа эга бўлган хизмат автомобилини чироқ-маёқчаси ёнган ҳолда кўрмоқдасиз.

1. Қонун нимани талаб қилади?

Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, “Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса, бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.”.

Бундан ташқари, “Кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчасини ёқиб тўхтаб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчилар зарур бўлган ҳолларда ҳаракатланиш тезлигини дарҳол тўхташ имкониятини берадиган даражада камайтиришлари шарт.”.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда, ўз навбатида, юқоридаги талаб инобатга олинмаган ҳолларда жазо кўзда тутилган.

128-5-модданинг биринчи қисмига мувофиқ: “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериши – энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.

Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, - энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

2. Қаерда кутишни тушуниш

“Тез ёрдамни” ўтказиб юбор, деган гапни эшитганингизда, чет элда ишланган ва ушбу мавзуга бағишланган видеолавҳалар кўз олдингизга келиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, “тез ёрдам”лар сиз кесиб ўтаётган йўлдан ҳам чиқишлари мумкин ва светофорнинг тақиқловчи сигналига ўтиб кетишга ҳақи бор. Шу сабабли баъзида махсус транспортни ўтказиб юбориш учун ҳеч қандай чора кўрмасдан – узоқдан сирена овози эшитилганда ўз вақтида тезликни пасайтиришнинг ўзи кифоя. Албатта, йўналишни кескин ўзгартиришнинг кераги йўқ – ортингиздан ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни унутманг.  

3. Умумий куч зарур

Агарда сиз автомобилларнинг тиқилинч оқимига тушиб қолган бўлсангиз, муваффақият яқин атрофдаги йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракатларининг мувофиқлигига боғлиқ.  

Жаҳон тажрибасида махсус транспорт фавқулодда вазиятларда кўпинча чап йўлдан ҳаракатланади, ҳайдовчиларга эса қуйидаги ҳаракатлар режаси таклиф этилади. Чап йўлга тушиб қолганларнинг ҳаммалари чап томонга силжишлари, қолган ҳаракат йўлларидагилар – ўнг томонга силжишлари керак. Муҳими, кескин ҳаракат қилмаслик ва сизнинг ҳаракатингиз аҳамиятга эгалигини унутмасликдир. Ҳаттоки ўнг томондаги сўнгги йўлда бўлганингизда ҳам умумий ёндашув билангина “қутқариш коридорини” шакллантириш имконияти бор. Ўнг томонингиздаги автомобиль ҳайдовчиси ўзини йўқотиб қўйиши эҳтимоли бор. Ундан хушмуомалалик билан кўмак сўранг.   

4. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш – энг муҳим шартлардан биридир. “Қутқариш коридорини” шакллантиришдек муҳим ишни амалга ошириш вақтида бурилиш чироқларини ёқиб қолган ҳайдовчиларни ҳаракатларингиз ҳақида огоҳлантиришни унутманг. Бошқа йўлга ўтиб олиш учун шошилмаслик керак: атрофдаги автомобиллар ҳам ҳаракатланишини ёдда тутинг.

Кесиб ўтаётган йўлингизда қаршингиздаги транспортга йўл бериш вақтида олдинроқ сиренага қулоқ тутиб, авариявий ҳолатни юзага чиқармасдан ўз вақтида тезликни пасайтиринг. 

Ён томонга ҳаракатланиб махсус транспортни ўтказиб юборганингиздан сўнг шошмасдан ўз йўлингизга қайтинг.

5. Жарима ҳақида

“Қутқариш коридорини” шакллантириш вақтида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жаримадан қўрқиш керакми? Илгари бу ҳақда бир неча бор маълум қилганмиз, яна бир бор қайтарамиз: йўқ, бу ҳолда жаримадан қўрқманг. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига мувофиқ, ”шахс ҳаракатни (...) охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса”, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Бинобарин, ЙҲҚ бузилганлиги автоматлаштирилган қайд қилиш камералари томонидан қайд қилинган бўлса ҳам, жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинади.

“Бу менга ҳам тааллуқли” – ушбу гап барча ҳайдовчилар учун сирена овозини эшитганларида шиор бўлиши керак. Эртами-кечми, “тез ёрдам” машинаси, ички ишлар органлари ёки ёнғин хавфсизлиги автомобили сизнинг уйингизга ёки яқинларингизнинг уйига шошилаётган бўлиши мумкин. Шундай ҳолда ҳайдовчилар махсус автомобилларга йўл бермаётганлигини тасаввур қилиб кўринг. Шахсий ҳаракатларингиз билан атрофдагиларнинг онгини ўзгартиришни бугундан бошланг – “қутқариш коридорини” шакллантиринг ва сирена овозига эътиборли бўлишни одатланинг.

Мавзуга оид