Сўнгги пайтларда авариялар, тезлик билан боғлиқ видеолар, ҳайдовчиларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига беписанд эканини исботловчи ҳолатлар кўпайди. ЙТҲлар ўлим билан якунланмоқда, мактаб ўқувчилари машиналар остида жон беряпти. Пиёдалар ҳам йўлларда юриш маданиятидан йироқ. Kun.uz мавзу юзасидан суҳбат ўтказди. Суҳбатдошларга кўра, бу узоқ йиллик муаммо. Ҳайдовчиларнинг давлат тасдиқлаган қоидаларга муносабати “ҳуқуқий нигилизм” даражасига чиқди. Биргина Отажоновнинг видеоси – ҳуқуқ-тартибот органларига “қўлингдан нима келади?” дегандек бўлди. 

Ўтган 15-20 кун ичида ёш болалар, мактаб ўқувчилари билан содир бўлган мудҳиш авариялар сони 10 га яқин, балки бундан ҳам кўпдир. Мутахассислар фикрича, мавзу ва муаммолар жуда эски. Лекин натижадан, йўллардаги ЙТҲларни камайтиришга қаратилган чоралардан дарак йўқ. Масалани йиллаб муҳокама қилиш мумкин, сабабларини ўрганиб, тизимли чора кўриш муҳимроқ. Биргина Бухоронинг Қоракўлида юз берган фожиада пиёдалар ҳам айбдор. Одамнинг ўзини ҳимоя қилиши – психологик инстинкт бўлади. Организм автомат ўзини ҳимоя қилишга уринади, ёш қизлар сайилгоҳда эмас, катта йўлда. Ҳайдовчи ҳам светофор ва пиёдалар ўтиш жойи эканини инобатга олиб, тезликни назоратга олиши керак эди, дейди эксперт Носиржон Зокиров. 

Адвокат, автоблогер Камолиддин Баҳовуддинов фикрича, авария ва ўлимлар одамларнинг кўзини очгани йўқ. Аксинча, қоидабузарлар қилмишидан заррача пушаймон эмас. Ҳайдовчилар ўз қилмиши нима билан якунланишини, максимал оқибатни билади ва қўрқмайди. Уларнинг юзида ачиниш ҳисси йўқ. 

“Улар қоидабузарликларнинг мунтазам ва такрорийлиги бизда инобатга олинмаслигини ҳам билади. Пул билан ҳаммаси ҳал бўлишига ишонади, катта эҳтимол,  видео чиқараётганлар 1 ойдан сўнг яна шундай тасвирлар эълон қилади. Қўлингдан нима келади, дегани бу. Таъсир чоралар жуда юмшоқ ва бўш. Жазолар жуда ҳалим, фақат моддий жарима эмас, қамоқ, ҳайдовчиликдан маҳрум қилиш, озодликдан чеклаш жазоларини ҳам қўллаш керак”, - дейди Баҳовуддинов.

2024 йилнинг 5 ойи давомида 64 нафар мактаб ўқувчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган, бу ойига камида 13 нафар болалар қурбон бўляпти дегани. Жамиятимиз эса кимнингдир фожиасини кузатиш билан банд. Қонунларни очиқ-ойдин инкор этиб, беписанд қараш – ҳуқуқий нигилизм чўққисига чиқиб бўлди. Жазо чораларини кучайтириш ва шу жазолар ҳамма учун, ҳокимият вакилидан тортиб деҳқонгача бир хил ишлаши лозим.

ЙТҲ иштирокчиси фақат ҳайдовчи эмас, пиёдалар ҳам. Мумкин бўлмаган жойдан кесиб ўтиш ҳолатлари билан боғлиқ статистика юритилганда, пиёдаларнинг қоидабузарликлари даражаси ҳам намоён бўлади. Йўл-патрул хизмати ходимлари учун бундай пиёдаларни рўйхатга олиб, тушунтириш ишларини олиб бориш – ортиқча иш. Балки шунинг учун бундай статистика юритилмайди.