Ўзбекистон | 07:53 / 18.10.2019
5156
2 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Акмал Саидов Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида хабар берилган.

Қайд этилишича, айни кунларда парламент аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқ ассамблеясининг 141-сессияси ишида қатнашмоқда.

1889 йилда тузилган Парламентлараро иттифоқ турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилотлардан бири ҳисобланади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир. Айни вақтда Парламентлараро иттифоққа 178 давлат парламентлари аъзо ҳисобланади. 2017 йил 13 октябрдан Ўзбекистон Республикаси мазкур ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. 

Парламентлараро иттифоқ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро иттифоққа БМТнинг Бош ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган. 

Парламентлараро иттифоқ ассамблеясининг 141-сессиясида 2020-2022 йилларга Парламентлараро иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан Парламентлараро иттифоқнинг ижроия қўмитаси аъзолигига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Акмал Саидовнинг номзоди илгари сурилган эди.

18 октябрь куни ўтказилган юқори мақомдаги мажлисда А.Саидов номзоди тасдиқланиб, у Парламентлараро иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан Парламентлараро иттифоқнинг ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.  

Мавзуга оид