Ўзбекистонда аҳоли учун аллергопаспорт жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 40 фоизи аллергик касалликларга чалинган. Ушбу кўрсаткичнинг муайян қисмини болалар ва ўсмирлар ташкил этади.
Тошкент шаҳрида болалар аллергологларининг I Халқаро илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади.
«Юртимизда бугунги кунда 150 нафарга яқин аллерголог шифокор фаолият кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 11 майда қабул қилинган «Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада туб бурилиш ясади.
Мазкур қарор билан Республика илмий-ихтисослашган аллергология марказининг вазифалари ва фаолият йўналишлари кенгайди. Аҳоли орасида аллергик касалликлар билан касалланишни аниқлаш мақсадида марказ томонидан доимий популяцион эпидемиологик текширувлар ўтказиб борилади. Республикада аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болалар орасида жорий йил январь-июль ойларида «Болалар аллергологияси ва клиник иммунологияси» соҳасида бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилди. Акция 3 босқичда олиб борилди.
Мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб аллергологларнинг малакасини ошириш ва қайта ихтисослаштириш Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази зиммасига юклатилди.
Аллергология соҳасидаги илмий-диагностик, таълим, инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантириш, хорижий етакчи мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, аллергик касалликларни ташхислаш ва даволашга молекуляр ва бошқа илғор усулларни жорий этган ҳолда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида пойтахтимизда Молекуляр аллергология халқаро маркази ташкил этилди.
Бундан ташқари, айни пайтда мамлакатимиз аҳолиси учун аллергопаспорт шаклларини яратиш, мутахассислар учун молекуляр аллергология бўйича мактаблар ўтказиш, беморлар ва уларнинг ота-оналари учун эса ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, доимий равишда аҳоли учун семинарлар, йирик акциялар ўтказиш, шунингдек, озиқ-овқат аллергенлари молекулаларини аниқлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Халқаро илмий-амалий анжуманда тиббиётимиз ва илм-фаннинг ана шундай муҳим ютуқлари ва жаҳон тиббиётининг инновацион технологияларига оид маърузалар тингланди ва муҳокама этилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024