Жаҳон | 11:30 / 20.10.2019
2269
2 дақиқада ўқилади

Боливияда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтади

Боливияда 20 октябрда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Фуқаролар президентдан ташқари Кўп миллатли қонунчилик ассамблеясига 130 депутат ва 36 сенаторни сайлашлари керак бўлади.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 8да (Тошкент вақти билан 17:00) очилади ва 16гача ишлайди.

Президент лавозимига 9 номзод даъвогарлик қилмоқда. Асосий кураш амалдаги президент Эво Моралес ва мамлакатни 2003 йилдан 2005 йилгача бошқарган собиқ президент Карлос Меса ўртасида боради.

Боливиядаги қонунларга кўра, президент сайловларининг 1-босқичида ютиш учун сайловчиларнинг 50 фоиздан кўпроқ ёки яқин рақибдан 10 фоиздан кўпроқ фарқ билан 40 фоиз овоз тўплаш лозим. Агар номзодлардан ҳеч қайси бири бундай натижага эриша олмаса, 15 декабрда 2-босқич бўлиб ўтади.

Моралес ҳозирдаёқ Боливия президенти лавозимини эгаллаш бўйича рекорд натижа қайд қилган. Мамлакатнинг туб аҳолиси – ҳиндулардан илк президент бўлган Моралес ҳокимият тепасига 2005 йилдаги сайловлар натижаларига кўра келган. У 2009 йилда ва учинчи муддатга қайта сайланишга тақиқловга қарамасдан, 2014 йилда ҳам ушбу лавозимга сайланган. Ўшанда мамлакат конституциявий суди 2009 йилда янги конституция қабул қилгани важи остида Моралеснинг биринчи муддатини ҳисобга олмаган.

2017 йил ноябрда эса суд Моралеснинг яна бир муддатга сайланишига рухсат берган. Бу эса мухолифат норозилигини келтириб чиқарган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид