БМТ вакили Оролбўйи экологиясини яхшилаш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга чақирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) маъмурининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дие Ўзбекистонга ташриф буюриб, «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб номланган халқаро конференцияда иштирок этди.
Мулозим Оролбўйи минтақасини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган ишларни давом эттиришга чақирди.
«БМТТД ресурсларни жалб этиш, келгусида шериклик муносабатларини ўрнатиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш учун билимларни тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан кенг ҳамкорлик қилиш тарафдоридир. Қадам бақадам, ностандарт тамойилларга асосланган ёндашувдан фойдаланган ҳолда, биз муваффақиятга эришамиз. Биз бу ишда ёрдам бера оладиган янги ғоялар, платформалар ва ташаббусларни маъқуллаймиз. Бизнинг бош тамойилимиз - «Ҳеч кимни ёлғизлатиб қўймаслик». Айнан шунинг учун Қорақалпоғистон халқисиз Ўзбекистон ҳам миллат сифатида ривожлана олмайди», - деди Абдулай Мар Дие конференциянинг очилиш маросимидаги кириш сўзида.
«Орол денгизининг қуриши минтақадаги энг жиддий экологик фалокатлардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу иқтисодий, экологик ва ижтимоий инқироз барқарор ривожланишнинг барча муҳим унсурларини қамраб олган. Ҳозир ҳаракат қилиш давридир. Биз табиий шароитларни, хусусан Қорақалпоғистоннинг узоқ туманларида инсонлар учун ҳаётнинг мақбул шароитларини тиклашимиз зарур. Бу шароитлар ёшларни қайтиб келиши ва Оролбўйини тиклаш ишларини давом эттиришлари учун рағбат бўлади» - деди Абдулай Мар Дие.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати БМТТД кўмагида 66 минг нафардан ортиқ қишлоқ аҳолисини ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаб, соғлиқни сақлаш ва сифатли таълим олиши учун имкониятини тақдим этди. 215дан ортиқ кичик корхоналар қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, 213,4 минг одам сифатли тиббий хизмат олиш имконига эга бўлди.
Анжуман якунларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясининг лойиҳаси келишиб олинди.
Шунингдек, Абдулай Мар Дие Мўйноқ шаҳрига ҳам ташриф буюриб, ҳудуддаги вазиятни ўз кўзи билан кўрди, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилди. Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситханова, Олий Мажлис сенати раисининг ўринбосари Светлана Артикова, Молия вазири Жамшид Қўчқоров, Адлия вазири Русланбек Давлетов ва бошқалар билан мамлакат ривожининг устувор йўналишлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш, имкониятлар ва муаммоларни, ҳамда БМТТД билан ҳамкорлик ҳақидаги масалаларни муҳокама қилиш учун музокара ўтказди.
БМТТД маъмурининг махсус маслаҳатчиси, халқаро молия институтлари, таҳлил марказлари вакиллари билан учрашди ва Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети талабалари билан қашшоқликни бартараф этиш бўйича интерфаол сессияни ўтказди.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024