1. Нью-Йорк

Нью-Йоркда хавфсизликка катта эътибор қаратилади. Бутун шаҳар кузатув камералари ва ўқ овози эшитилиши заҳоти полицияга ишора юборувчи микрофонлар билан таъминланган. Шунингдек, бу ерда техниканинг муайян соҳасида янгилик ишлаб чиқувчи оддий мутахассислар фойдаланиши мумкин бўлган ягона очиқ маълумотлар тизими мавжуд. Масалан, унинг асосида HunchLab стартапи жиноятдан хабардор қилиш учун восита яратган. Тизим қайси ҳудудда ва қайси вақтда хавфли вазият юзага келиши мумкинлигини аниқлайди.

2014 йилда Нью-Йоркда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган Wi‑Fi тақдим этилди. Махсус LinkNYC терминаллари роутер вазифасини бажаради. Унинг ёрдамида интернет тармоғига уланиш, шунингдек, смартфонни қувватлантириш ёки ўрнатилган дисплейларда харитани кўриш мумкин.

LinkNYC терминали / crainsnewyork.com

Шаҳар электр тармоғини тежайди: автоматлаштирилган тизимлар кўчалардаги юкламани ўрганади ва олинган маълумотлар асосида ёритиш даражасини бошқаради. Шунга ўхшаш Midtown In Motion тизими тиғиз вақтлардаги йўлдаги светофорларни мослаштириш  учун тирбандликлар ҳақидаги ахборотлардан фойдаланади.

Нью-Йоркнинг чиқинди қутилари ҳам технологик. Улар BigBelly деб аталади ва қути тўлгани ҳақидаги ишорани коммунал хизматга юборувчи датчикларга эга.

Ақлли урналар / bigbelly.com

Шаҳар нафақат технологиялар, балки ижтимоий дастурлар ёрдамида ҳам ривож топиб бормоқда. Масалан улардан бири — Home-stat — уйсизларни ишга жойлаштиришга йўналтирилган. Дайди инсонни кўрган ҳар бир аҳоли вакили ижтимоий хизмат ходимларини чақириши мумкин. Улар ушбу бошпанасиз одамга мос келувчи иш ўрни ва бошпана топишга ҳаракат қилишади.

2. Лондон

Лондоннинг асосий муаммоларидан бири автомобиллар кўплигидир. Шаҳар бу муаммони жамоат транспортига инвестициялар, кундузги вақтда автоулов ҳаракатлангани учун қўшимча солиқ ва технологиялар ёрдамида бартараф этмоқда. Технологиялар қаторига ҳайдовчига бўш жой ҳақида илова орқали хабар берувчи ақлли автомобил тўхташ жойлари ва йўлнинг юкланганлик даражасидан келиб чиқиб нисбатан қулайроқ транспорт воситасини маслаҳат берувчи навигатор дастурини киритиш мумкин.