Жамият | 14:50 / 29.10.2019
83661
2 дақиқада ўқилади

Далага ўрганган одамлар орасида. Пахтакорларнинг бир куни

Ҳозир республика бўйлаб пахта мавсумининг чўғи сўнай деб қолган давр. Халқ тили билан айтганда «биринчи терим» кўпгина вилоятларда ниҳоясига етган ёки охирлаяпти.

Айни шу жараёнларни кузатиш, теримчилар билан суҳбатлашиш мақсадида Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Фарғона шаҳарчасида бўлдик. Ҳудудининг катта қисми ҳозир ҳам экин майдонларидан иборат бўлган бу «шаҳарча» Мирзачўл ерлари ўзлаштирилиши пайтида водий вилоятларидан кўчиб келган аҳоли томонидан бунёд қилинган. Шунинг учун ҳам у Фарғона шаҳарчаси деб аталади.

Бизни далага бошлаб борган маҳалла раиси Абдурайим аканинг айтишича, пахта тераётганлар орасида нафақат ҳудуд аҳолиси, балки бошқа вилоятлардан келган ҳашарчилар ҳам бор. 

Ўзимиз гувоҳ бўлганимиз эса: кўпчилик теримчилар 50 ёшдан ошган, серфарзанд оналар. Улар рўзғорига ҳарна ёрдам бўлсин дея «кунига 100» қилиш ҳаракатида.

Пахтакорлар орасида 30 килограмдан оғирроқ этакни бошида кўтариб тарозигача борадиган аёллар ҳам, 35 йилдан бери бир-бирини ардоқлаб яшаётган эр-хотин теримчилар ҳам, бу йил олий ўқув юртига кира олмай келаси йил учун терим тугагач тайёргарлик кўраман деб ният қилган абитуриентлар ҳам бор. 

Муҳими уларнинг барчаси ўз ишига, даласига меҳр қўйган, ортиқча нарса кутмайдиган меҳрибон инсонлар. 

П.С: Очиғи, пахтазорда оғир меҳнат билан шуғулланаётган кишилар ҳаёти ҳақида ижобий "материал" тайёрлаш мураккаб иш. Умуман, биз "Пахтазорда бир кун" орқали ижобийликка ҳам интилганимиз йўқ, шунчаки, кам маош, оғир меҳнат  билан оиласининг камини тўлдиришга интилиб яшаётган инсонлар ҳаётини бор бўёқлар билан "чизиш"га ҳаракат қилдик, холос.

Пахтакорлар ҳақида ҳаммасини батафсил видеорепортажда кўришингиз мумкин.

Зилола Ғайбуллаева, Илёс Сафаров, Kun.uz мухбирлари.
Мирвоҳид Мирраҳимов, оператор.

Мавзуга оид