Бухородаги яҳудийлар маҳалласи яқин вақт ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилди
1991 йилдан сўнг яҳудийларнинг оммавий равишда Исроил ва АҚШга кўчиб кетишлари натижасида бир пайтлар гавжум бўлган маҳалла деярли ҳувиллаб қолган ва ҳозирда қаровсиз аҳволда.
Жаҳон ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамғармаси (World Monuments Fund, WMF) яқин вақт ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган 25 диққатга сазовор маскан номини эълон қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.
Ташкилот икки йилда бир марта йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган маданий мерос объектлари рўйхатини тузади. Сабаблари эса турлича: табиий офатлар, ҳарбий низолар ёки инсонлар лоқайдлиги бўлиши мумкин.
Ушбу рўйхатга Бухородаги яҳудийлар маҳалласи ҳам киритилди. Жамғарманинг қайд этишича, 1991 йилдан сўнг яҳудийларнинг оммавий равишда Исроил ва АҚШга кўчиб кетишлари натижасида бир пайтлар гавжум бўлган маҳалла деярли ҳувиллаб қолган ва ҳозирда қаровсиз аҳволда.
Рўйхатдан шунингдек, бир неча ой аввал ёнғин содир бўлган Нотр-Дам де Пари ибодатхонаси, инклар водийсидаги Мачу-Пикчу шаҳри, Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Анаркали бозори, Япониядаги Ивамацу тумани жой олган.