Ўзбекистон | 12:00 / 01.11.2019
5239
2 дақиқада ўқилади

Давлат дастури ижросини кечиктирган вазирликлар ва идоралар раҳбарларига чоралар кўрилган — Ҳукумат ҳисоботи

31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тингланди.

Мажлисда депутат Шуҳрат Мамажонов Давлат дастури бандларини белгиланган муддатларда бажарилишини кечиктирган вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга нисбатан қандай жазо чоралари қўлланаётгани билан қизиқди.

«Вазирлар Маҳкамасида Давлат дастури ижроси бўйича ҳар ойлик мониторинг тизими бор. Ушбу тизим асосида ҳар ойда вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар Адлия вазирлиги томонидан умумлаштирилган ҳолда Ҳукуматга киритилади.

Ҳукуматда тегишли тармоқлар, тегишли котибиятлар билан ишланган ҳолда натижалари Раёсатга олиб чиқилади. Раёсатда ўз муддатида бажарилмаган ёки бажарилишида муаммолар келиб чиқаётган масалалар муҳокама қилинади. Натижалари бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг раҳбарларига ёки Вазирлар Маҳкамасининг аппарати ходимларига нисбатан чора кўрилган ҳолатлар бор. Бу ҳақда парламентга батафсил қўшимча маълумот берилади», дея Вазирлар Маҳкамаси аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари Нусратбек Тўйчиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, Давлат дастурининг 24 банди бўйича ишлашда давом этилаётгани учун охирига етказилмаган, булар бўйича Олий Мажлис қўмиталарининг фракциялари йиғилишда бандма-банд изоҳ берилган.

«Давлат дастурининг 24та банди бўйича ҳали ишлар давом эттирилмоқда, назоратдан олинмаган. Назоратдан олишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу ишларни охирига етказамиз. Айрим ҳужжатлар бўйича янги, қўшимча топшириқлар бўлган жойлари бор. Шулар асосида қайта ишланяпти, уларни охирига етказиб раҳбариятга ахборотини берамиз», деди Нусратбек Тўйчиев.

Мавзуга оид