23:00 / 01.11.2019
1
8509

Нега Ўзбекистондаги сайловларда электрон овоз бериб бўлмайди? МСК вакили изоҳ берди

Сайловларда электрон овоз бериш тизими Ўзбекистон қонунчилигига киритилмаган. Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов «Америка овози»га берган интервьюсида мазкур ҳолатга изоҳ берди.

«Биламиз, кўп давлатларда нафақат электрон овоз бериш, [балки] электрон овозларни санаб чиқиш тизимлари ҳам йўлга қўйилган. Биз бу давлатларни синчковлик билан ўрганиб, кузатиб турибмиз», – деди МСК расмийси.

Истамовнинг сўзларига кўра, овоз беришда электрон тизимнинг йўлга қўйилиши ўша давлатлардаги мавжуд муаммолар билан боғлиқ. Яъни бу тизим жорий этилган давлатларда фуқароларнинг сайловдаги иштироки даражаси суст. Шу боисдан, одамларга қулайлик яратиш, уларни сайловларга кўпроқ жалб этиш мақсадида электрон овоз бериш имкони яратилган.

«Ўзбекистонда бундай муаммо йўқ. Чунки фуқароларимизнинг давлатимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси кучли. Сайловларда доимий равишда катта қисм сайловчилар қатнашади. Шунинг учун биз бу масалада кўп йиллар давомида синалган консерватив йўлдан боряпмиз», – деб таъкидлади Маҳмуд Истамов.

МСК вакили электрон овоз бериш тизимининг қулайлигини тан олгани ҳолда, Ўзбекистонда мазкур амалиётни жорий қилиш учун иккита жиҳатдан кафолат бўлиши кераклигини айтди.

«Биринчидан, яширин овоз бериш тамойилининг бузилмаслиги. Иккинчидан, ташқи аралашувнинг олдини олиш.

Агар бизда мана шу иккита масалада кафолат бўлса, қатъий ишончимиз бўлса, биз босқичма-босқич электрон овоз беришни ҳам, электрон овозларни санаб чиқишни ҳам сайлов амалиётига киритишни ўйлашимиз мумкин», – деди Истамов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top