АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг махсус қўмитаси аввалроқ ушбу резолюцияни маъқуллаган эди. Овоз бериш жараёни АҚШнинг шарқий қирғоғи маҳаллий вақти билан пайшанба куни эрталаб (Тошкент вақти билан пайшанба куни кечқурун) бўлиб ўтди.

Резолюция қабул қилиниши учун шунчаки вакилларнинг кўпчилик қисми овози етарли бўлар эди. Якунда демократлар томонидан назорат қилинадиган қуйи палатанинг 232 нафар аъзоси резолюция учун овоз берди, 196 киши қарши бўлди. Тўрт киши овоз беришда қатнашмади.

Трамп ўз одатига кўра твиттерида ушбу резолюция қабул қилинишига муносабат билдирди.

Фото: REUTERS / Joshua Roberts

«Бу АҚШ тарихидаги энг катта  «жодугар ови» бўлди», - дея ёзди президент.

Трампнинг 2020 йилги президентлик сайлови кампанияси менежери Брэд Паскаль кўпроқ сўз билан изоҳ қолдирди.

«Бу қонуний сайланган президентни сиёсий важ билан ҳокимиятдан четлатишга бўлган навбатдаги уриниш эканини ҳар бир америкалик тушуниб турибди. Бугунги овоз бериш жараёни шуни кўрсатмоқдаки, импичмент жараёни аввалбошдан қаллоблик бўлган ва Нэнси Пелоси [Палата спикери, демократ] уни қонунийлаштира олмайди. Ҳар ким Украина президенти билан телефон мулоқоти расшифровкасини ўқиб кўриши ва у ерда ҳеч қанақа хизмат алмашуви ҳақида гап кетмаганига ишонч ҳосил қилиши мумкин», дея ёзди у.

Овоз бериш натижалари қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин эди.

Овоз бериш жараёни арафасида Вакиллар палатасида фақатгина уч нафар демократ резолюцияни маъқулламаслиги, республикачилар партиясининг конгрессдаги вакилларидан олти вакили эса «Украинагейт» номини олган ушбу иш бўйича текширув ўтказилишини ёқлашини билдирди.

«Эртага (Вашингтон вақти билан 31 октябрь куни) Вакиллар палатасининг ҳар бир аъзоси ўзи учун ахлоқий меъёрлар партия истакларидан устунми ёки йўқлиги, Конституция коррупцион манфаатлардан, демократия тамойиллари расмий мақомдан фойдаланишдан устунроқлигига ишонадими ёки йўқлигини ҳал қилиши керак. Умид қиламанки, демократлар ушбу резолюцияни қўллаб-қувватлашади ва у маъқулланади», - деганди чоршанба куни демократлар вакили Хаким Жеффрис. 

Резолюция нега керак?

Демократик партия вакиллари шу йилнинг сентябрида президент Трампнинг импичменти бўйича жараённи бошлаш ҳақида эълон қилишганди. Бунга АҚШ президентининг Украина раҳбари Владимир Зеленский билан телефон мулоқоти тафсилотлари ошкор бўлиши сабаб бўлганди.