Жамият | 09:43 / 02.11.2019
4994
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЛОР касалликлари бўйича ихтисослашган марказ очилади

Фото: Shutterstock

Қонунчилик палатасида 2019 йил 31 октябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматига кўра, ҳукумат ҳисоботидан сўнг давом этган муҳокамалар, савол-жавобларда депутатлар томонидан долзарб масалалар кўтарилди. Хусусан, депутат Алишер Ҳамроев Ҳукумат аъзолари эътиборини соғлиқни сақлаш тизимида кузатилаётган муҳим бир масалага қаратди.

- Жойларга борганимизда тиббиёт муассасаларига ҳам, албатта, кирамиз, - дейди у. - Ўрганишларимиз жараёнида кейинги йилларда бошқа хасталикларга қараганда кўпроқ томоқ, бурун ва қулоқ касалликлари ўсиши тенденцияси кузатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Тўғри, даволаш ишлари олиб бориляпти. Даволовчи шифокорларимиз малакасига эътироз йўқ. Аммо тиббиёт ходимларининг айни касалликларни даволашда зарур бўладиган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминоти масаласи долзарблигича қолмоқда. Ундан ҳам муҳими, ўзимизда даволаш муолажаси чораларини кўрадиган, илмий-тадқиқот ҳамда илғор хорижий амалиётни тарғиб этадиган бирор бир база, марказ ҳам йўқ.

Парламент аъзосининг таъкидлашича, томоқ, бурун ва қулоқ касалликларини даволаш бўйича илмий-амалий, услубий жиҳатдан вертикал тарғиб қилиш марказини яратиш вақти аллақачон келган. Боиси, тиббиёт соҳасидаги барча муҳим йўналишларда марказлар мавжуд. 

«Бироқ ана шу соҳа бўйича илмий-тадқиқотлар, амалий натижаларни кенг тарқалишга ёрдам берадиган, инвестициялар жалб этиш, инновацияларни жорий қилишга кўмаклашадиган, умуман, бундай ишларга бош бўладиган марказ ташкил этиш вақти келмадими?» - дея ҳукумат аъзоларига юзланди депутат А.Ҳамроев.

Мажлисда кўтарилган ушбу масалага соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов қуйидагича жавоб қайтарди:

- Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда томоқ, бурун ва қулоқ касалликлари, яъни ЛОР хасталиклари бўйича беморларимиз сони оз эмас. Мазкур хасталиклар ўз вақтида даволанмаса, бошқа оғир, жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу, айниқса, болаларда жуда кўп учрайди.

Шу нуқтаи назардан, депутат кўтарган масала ҳақиқатан ҳам долзарб ҳисобланади. Шу боис, айни масала юзасидан марказ ташкил қилиш юзасидан иш олиб бориляпти. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ва миллий дастур тайёрланиб, тегишли вазирликлар билан келишиш жараёни кетмоқда. Яъни, бу йўналишда иш кетяпти. Бундай марказ, албатта, очилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид