Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тарих фани аксарият мамлакатларда сиёсатга хизмат қилади» — Тарихчи билан суҳбат
Kun.uz мухбири ЎзФА Шарқшунослик институти тадқиқотчиси – тарих фанлари доктори Ўктамбек Султонов билан суҳбатлашди. Суҳбатда соҳада ечимини кутаётган муаммолар, тарих йўналишидаги илмий тадқиқотларнинг савияси, мутахассислар тайёрлаш ва олий таълимдаги камчиликлар, шунингдек, тарихчилар олдида турган вазифалар хусусида сўз боради.
Соҳада бажарилаётган илмий лойиҳалар сифати тушиб бормоқда
– Бугунги кунда илмий соҳага қаратилаётган эътибор, илмий-тадқиқотлар сифатини қандай баҳолайсиз?
– 2003 йилдан бери Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ишлайман. Кейинги 2-3 йилда илм-фан соҳасида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Буни илмий ходимлар иш ҳақининг оширилиши, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватловчи «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ташкил этилиши, олимларнинг хориж сафарига бориш тизими нисбатан енгиллашгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунга қарамай, ҳали ҳам соҳада ҳал этилиши керак бўлган айрим муаммолар бор.
Илмий тадқиқотларнинг сифатига келсак, тарих йўналишида олиб борилаётган изланишлар, қилинаётган илмий лойиҳалар, айниқса, диссертациялар сифати тушиб бормоқда. Мақолаларни айтмасак ҳам бўлади.
Албатта, яхши тадқиқотлар ҳам бор, уларни эътироф этишимиз керак. Лекин йўналиш бўйича бажарилган ишларни умумийлаштирганда аҳвол яхши эмаслигини тан олишимиз керак. Катта ниятлар билан илмий изланишлар сифатини ошириш бўйича қабул қилинган қарор ва йўриқномалар, талаблар яна ўша эски қолипга мослаштириб олинмоқда.
Ҳалигача эскича фикрлаш ва сийқаси чиққан мавзуларни «мустақил Ўзбекистон тарихи» тамойилига солиб ўрганиш ҳукмронлик қилмоқда. Аслида асосий муаммо – шу. Аксарият олимларимиз назарида Ўзбекистонда алоҳида тарих фани бордек.
Улар ўзларининг қобиғига ўралиб, фаннинг бугунги илмий муаммоларини, илмий тадқиқот методларини тан олишни истамаган ҳолда ишламоқда. Лекин юртимизда тарих йўналишидаги тадқиқотларни дунёда олиб борилаётган изланишлардан ажратиб олиб, Ўзбекистон учун махсус амалга ошириш орқали ривожлантириб бўлмайди.
Тасаввур қилинг, бир олим ўзининг бир нечта шогирдига бир муаммони турли ҳудудлар ёки даврлар мисолида бўлиб беради. Масалан, Хива хонлигида ер эгалиги, Бухоро амирлигида ер эгалиги, Қўқон хонлигида ер эгалиги каби. Аслида, бу муаммо битта шогирдининг диссертациясида асосий ўринда ва қиёсий таҳлил контекстида чуқур ўрганилиш керак. Чунки мавзу ҳар бир хонлик ёки воҳалар миқёсида ўрганишни тақозо этмайди.
Яна бир мисол, бугун Ўзбекистонда исломшунослик деганда кўпчилик фиқҳ, калом, ҳадис, тафсирга бағишланган асарларни ўрганишни тушунади. Аниқ илмий муаммо ва ечимга қаратилган бундай тадқиқотларни мен ҳам қўллаб-қувватлайман.
Лекин фақат шу тўрт йўналиш билан Ўзбекистонда исломшуносликни ривожлантириб бўлмайди. Исломшунослик бугун кунда ислом археологияси, ислом маданияти ва санъати каби кўптармоқли йўналишларни ҳам ўз ичига олади. Тарихимизда исломнинг ўрнини ёритмоқчи эканмиз, юртимизда бу каби йўналишларда ҳам мутахассислар етиштиришимиз, тадқиқотларни кўпайтиришимиз керак.
Тарих соҳаси ҳақида сўз кетганда Ўзбекистон тарихчилар жамияти ҳам борлигини унутмаслик керак. Ушбу жамият фаолияти ҳақида жамиятнинг масъулларидан эшитган маъқул деб ўйлайман.
Маърузачилар танлов асосида ОТМга ишга жалб қилиниши керак
– Илмий ютуқларнинг маълум қисми дарсликларга ҳам киритилади. Шу маънода ОТМларда дарслик ва ўқув қўлланмалар муаммосига тўхталиб ўтсангиз?
– Илмий янгиликларнинг дарслик ва ўқув қўлланмаларига киритилиши – энг оғриқли нуқтамиз. Чунки олий таълим тизимидаги ўқитувчиларнинг ўқув жараёнидаги қоғозбозлик ва мажлислардан вақт орттириб рисоладагидек дарслик ва қўлланма яратишга умуман вақти йўқ.
Бугунги ОТМ ўқитувчиларида ўқув услубий мажмуа (УММ), ҳисоботлар ва ҳоказолардан ортиб илмий тадқиқот олиб бориш тугул, эртанги дарсга жиддийроқ тайёрланиш учун ҳам вақт йўқ. УММга келсак, бу топширувчи ҳам текширувчи ҳам ўқимайдиган матн. Ачинарлиси, УММларни ўқитувчиларнинг топшириғи билан талабаларнинг ўзи тайёрлаётганини гувоҳи бўлганман. Олий таълим вазирлиги ва ОТМлар бу УММнинг кераксиз эканлигини билиб туриб ҳам талаб қилаверади.
Дарслик ва қўлланмаларга қайтсак, бундай нашрларни тегишли вазирликлар танлов ўтказган ҳолда соҳадаги олимлар ва тажрибали педагоглар ҳамкорлигида, буюртма асосида тайёрланиши керак. Айрим тор соҳадаги фанларни ўқитишда ҳам ОТМлар аввал ўқитувчиларни ишга қабул қилиб, сўнгра уларга фанларни бўлиб бериш ҳам тўғри эмас.
Аксинча, ОТМ таълим дастурига киритилган фанларни эълон қилиши, даъвогар маърузачилар эса ўзи ўтадиган мавзулар, назарий ва амалий машғулотлар, дарс ўтиш методлари акс этган махсус дастурини тақдим этиши, сўнгра улар танлов асосида ишга жалб қилиниши мақсадга мувофиқ.
Яна бир муҳим масала соҳага оид машҳур тадқиқотлар ҳамда кучли методологик асосга эга бўлган янги китобларнинг ўзбек тилидаги нашрларини кўпайтириш сув ва ҳаводек зарур. ОТМлар ўз қўл остидаги кутубхоналарни ҳадялар эвазига эмас, бевосита мутахассисликка оид китоб ва илмий журналларни доимий сотиб олиш эвазига бойитиши, муқобил вариант сифатида электрон китоблар базасини ташкил этиши лозим.
Магистрантларга қўйилган илмий мақола ёзиш талаби уларни «кучли мутахассис» қилиб қўймайди
– Талабаларига қўйиладиган илмий нашр талабларини қандай баҳолайсиз? Бу ёш тадқиқотчиларни тайёрлашга қандай таъсир кўрсатади?
– Магистрантлар учун икки йиллик ўқиш давомида мақола чоп этиш талаби –энг катта хатоларимиздан бири. Чунки илмий мақола ёзиш қоидаларидан бехабар талаба қўлига тушган китоб ёки интернетдаги материалларни кўчириб мақола деб эълон қилади. Энг ёмони талаба шу жараённи илм деб қабул қилади, шунга мослашади ва олий таълимдан кейин таълимда ҳам худди шу йўлдан кетади.
Шунинг учун ҳам магистрантларни гўёки «кучли мутахассис» қилиб тайёрлашга қаратилган бу тизимдан зудлик билан воз кечиш зарур. Кимдир айтиши мумкин, ёш тадқиқотчилар шу тарзда илмга кириб келади, пишиб-етилади, деб. Уларга жавобим, биринчидан, илмий мақола ёзиш учун магистрантларнинг зарур кўникма ва тажрибаси йўқ. Улар бунинг учун аввал таълим дастуридаги фанларни, амалиёт машғулотларини пухта ўзлаштириши керак.
Иккинчидан, 99,9 фоиз талаба бу талабни ўзи юракдан хоҳлаб бажармайди. Ана шунда мақола чоп қилишдаги турли қинғирликлар, яъни кўчириш, енгил-елпи ишлаш, бировга ёздириш кабилар юзага келади. Чунки улар бир томондан бу босқичга тайёр эмас. Бошқа томондан контракт тўлаш учун ишлаш, дарсларга қатнашдан ортиб илмий мақола ёзишга вақтлари етмайди.
Учинчидан, талаба учун дарс машғулотларида рефератлар, курс ишлари ва магистр илмий даражасини олиш учун ёзиладиган диссертация бор. Марҳамат, талаба илмий раҳбар назоратида бемалол илмини ҳам қаламини ҳам чархлайверсин.
Агар магистрантларнинг мақола ёзиши тўғри бўлганда биз орзу қилаётган ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртларида бу амалиёт жорий қилинган бўлмасмиди? У ерда тизим ҳам, ёш тадқиқотчиларнинг ўзи ҳам бундай мақола ёзишга тайёр эмаслигини, бунинг учун, аввало, зарурий билим ва кўникмага эга бўлиш кераклигини аллақачон тушуниб етишган. Фақат биз бунинг нотўғри эканини тушунишни, тан олишни истамаяпмиз.
Натижада аксарият талабалар масъулиятсизлик, кўчирмачилик ва илмий тадқиқотни кимгадир ёздириш каби иллатларини юқтирган ҳолда илмий муҳитга кириб келмоқда.
Ўзбекистонда конференция ўтказиш касали авж олган
Конференциябозлик — илмий соҳадаги иллатми? Ҳисобот учун ўтказиладиган ана шундай анжуманлар ҳам бўлиши керакми?
Жудаям муҳим саволни ўртага ташладингиз. Албатта, бундай тадбирлар бўлиши керак. Бироқ илмий анжуманларни конгресс, конференция, семинар, ўқиш ёки воркшоп деймиз, буларнинг барчасини ўтказиш талаблари, улардан кутилган мақсад ва вазифа бўлади.
Назаримда, бизда бу талабларга амал қилинмайди. Масалан, бугунги кунда юртимизда конференция ўтказиш касали авж олган. 15-20 йилдан бери битта мавзуда конференция ўтказилаверади, ўтказилаверади. Иштирокчилар ҳам, муаммо ҳам деярли ўзгармайди. Конференциянинг ўзи ҳам, шошилинч эълон қилинган унинг тўпламидаги мақолалар ҳам ҳисобот учун бўлиб қолмоқда.
Аслида, конференция ёки семинар конкрет мавзуда ишлаётган мутахассислар томонидан мавжуд муаммоларни атрофлича кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилиши, маърузачига етарли вақт (ўртача 30 дақиқа) берилиши ва тадқиқоти ҳақида ҳамкасбларининг фикрини бемалол эшитиши, тингловчилар ҳам унинг фикрларидан ўзига янгилик олиши керак.
Конференция материаллари эса халқаро талаблар асосида (20-30 бетлик мақолалар) муаллифларнинг ва масъул муҳаррирнинг жиддий таҳриридан сўнг нашр этилиши лозим. Майли, ўтказиладиган конференциялар камроқ бўлсин. Лекин ҳар бир конференциянинг натижаси, фойдаси бўлиши керак.
Албатта, айрим ана шундай тадбирлар маълум даражада тўғри йўлга йўлга тушиб бормоқда. Масалан, республика миқёсида ўтказиладиган академик Яҳё Ғуломов номидаги «Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи» Республика илмий семинари, Тарихшунослик ўқишлари ёки ёш тадқиқотчилар учун мўлжалланган «Академик У.Каримов номидаги ёш шарқшунослар» конференциясини бунга мисол қилиш мумкин. Лекин уларнинг фаолиятини ҳам янада яхшилаш, илмийлаштириш чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Йирик масштабдаги ва сифатли илмий анжуманлар катта маблағ талаб қилади. Шунинг учун кичик форматдаги ва аниқ муаммога бағишланган халқаро семинар ва воркшопларни кўпайтириш керак. Таниқли хорижлик олимлар тез-тез иштирок этадиган бундай анжуманлар ва уларнинг нашрлари юртимизда соф илмий муҳитни шакллантиришда, маҳаллий тарихчилар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун ҳар томонлама фойдали бўлади.
Конгрессга келсак, мен ўз фаолиятим давомида Ўзбекистонда тарих соҳасида ўтказилган конгрессни эшитмаганман. Лекин тарихимизнинг ечими топмаётган долзарб масалаларига бағишланган конгресс ўтказилса, у қабул қилган ечимлар дарсликлар ва тадқиқотларга жорий этилса, ёмон бўлмасди.
Албатта, ўтказиладиган конгресс шунчаки «тадбир» эмас, балки тажрибали олимларимиз томонидан олдиндан режалаштирилган, аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олган бўлиши керак.
Йирик монографияларга холис ёзилган тақризлар эълон қилинмаслиги тадқиқотчи изланишларини ўз билганча нашр қилишига олиб келмоқда
– Илмий савиянинг тушишига таъсир этувчи омиллар сифатида нималарни айта оласиз?
– Биласизми, бу ҳақда кўплаб олимларимиз тўхталган. Менинг жавобим ҳам уларнинг фикрини такрорлаши табиий. Аниқроқ айтганда, бугунги кунда юртимизда илм-фан ривожига тўсиқ бўлиб турган омиллардан бири мажлисбозлик ва қоғозбозлик эканлиги маълум.
Тинимсиз ўтказиладиган мажлислар ва такрорий ҳисоботлар илм аҳлининг тинкасини қуритган. Илмий муассасалар ва олимлар зиммасига юкланган сунъий мажбуриятлар ҳали ҳам кўп. Бу иллатни йўқотиш учун, аввало, тезроқ ўз ишини виждонан бажарадиган олимлар авлодини шакллантиришимиз керак.
Яна бир муаммо соф илмий муҳитнинг йўқлиги. Бунинг натижасида диссертация муҳокамалари, мақолаларни тақриздан ўтказишдаги ўзбекона «юз-хотирчилик» ёки олимларимизнинг шахсий адоватлари кўзга ташланиб қолмоқда. Оппонентларни диссертант ёки илмий раҳбарнинг танишлари орасидан, ҳатто мутахассис бўлмаган шахсларни тайинлаш амалиёти бажарилган диссертация юзасидан холис фикр билдиришга тўсқинлик қилмоқда.
Шунингдек, йирик монографияларга ҳам холис ёзиладиган тақризлар эълон қилинмайди. Бу эса тадқиқотчиларга изланишларини ўз билганча нашр қилишига олиб келмоқда.
ИТМ ва ОТМларга қарашли илмий журналларнинг бугунги фаолияти, ишлаш услуби ҳам мақолалар сифатига салбий таъсир ўтказмоқда. Бундай журнал ва уларда чоп этиладиган мақолалар сифатини оширмоқчи эканмиз уларнинг фаолиятини тубдан ислоҳ қилишимиз лозим. Аввало, совет давридан қолган ИТМ ва ОТМ раҳбари мазкур муассаса нашр қиладиган илмий журналнинг доимий «масъул муҳаррири» ва «эгаси» деган қоидани ўзгартиришимиз шарт.
Албатта, бу билан илмий журналлар сифатининг тушишига фақат масъул муҳаррир айбдор демоқчи эмасман. Бу ерда «таҳрир ҳайъати» ва муаллиф омилини ҳам унутмаслик керак. Айниқса, аксарият илмий журналлар ва илмий тўпламларнинг муаллиф маблағи эвазига чоп этилиши сабаб жиддий таҳрирдан ўтказилмайди.
Бу бир тарафдан нашрларни муаллифларга қарам қилиб қўяди. Бошқа тарафдан тўловнинг ортиб кетиши 20-30 бетлик ҳақиқий ҳажмдаги илмий мақола чоп қилиш имконини бермайди ёки 4-5 бетлик кўпгина мақоладан кўпроқ тўлов бўлади.
Кўпчилик ҳамкасбларим журналларни муаллифларнинг молиявий қарамлигидан озод қилиш унинг сифатини оширади деб ҳисоблайди. Фикримча, молиявий мустақилликнинг ўзи журналлар сифатини яхшиламайди. Чунки бепул мақола нашр қиладиган ва ОАК рўйхатига киритилган, лекин илмий жиҳатдан сифати паст бир нечта журнални кўрсатиш мумкин. Сифатни яхшилаш учун, аввало, олимларимиз, тадқиқотчиларимизнинг ўзи виждонан ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлай бошлаши керак.
Энди юқорида ИТМ ва ОТМ раҳбарлари журналларнинг «доимий масъул муҳаррири» бўлмаслиги керак, деган фикрга келсам. Аввало, бу ерда уларнинг раҳбарлик ва илмий салоҳияти назарда тутилмаганини тушунишларини истардим. Назаримда, улар ношир сифатида ўз журналларининг ҳар бир сонини ўз йўналиши бўйича илмий муаммога бағишлаб, соҳадаги мутахассис-муаллифлар мақоласини буюртма асосида йиғиб яширин тақриздан ўтказа оладиган «масъул муҳаррир»ларга топшириши керак (аслида бу айрим таниқли илмий журналлар учун янгилик эмас).
Тарих соҳасидаги илмий изланишларнинг 2030 йилгача бўлган устувор йўналишлари белгилаб олинганидек журналларнинг айтайлик 2021-2025 йиллардаги сонларини «тендер»га қўйиш мумкин. Албатта, илмий муҳаррир/муҳаррирларнинг бундай фаолияти хориждагидек уларнинг кейинги илмий карьераси учун ижобий ютуқ сифатида баҳоланиши керак.
Тарих йўналишидаги тадқиқотларнинг илмий раҳбарга қараб бир хиллашиб бориши ҳам соҳага оид тадқиқотларни такрорланиш ва зерикарлиликни келтириб чиқармоқда. Масалан, XIX-XX аср бошларини ўрганиш, бир қўлёзма-манбани танлаб олиш каби.
Назаримда, Ўзбекистонда ҳам кенг кўламли тадқиқотлар (диссертация, амалий ва фундаментал лойиҳалар) савиясини ошириш учун эҳтиёж сезилаётган йўналишлар ва илмий муаммоларни ИТМ ёки ҳомийлар (вазирликлар, фондлар) томонидан таклиф этиш амалиётини жорий қилиш керак.
Жумладан, бугун юртимизда мавжуд бўлмаган қадимий ёзувлар (бақтрий, хоразмий, сўғдий каби тиллар), ислом археологияси каби тор соҳаларда ишлаш учун ёшларни хорижга PhD қилиш учун юбориш ёки мамлакатимизнинг ўзида қўшимча PhD ўринлари таклиф этиш лозим.
Ҳар қандай ўтмишни турли мақсадда намойиш қилиш ва бу орқали жамиятга таъсир ўтказиш мумкин
– Ҳар бир давр сиёсати тарихий воқеликдан ўз талқинига кўра фойдаланишини қандай баҳолайсиз? Тарихга холис ёндашув қандай бўлади?
– Тарих бу – ўтмиш, лекин келажакка таъсир ўтказа оладиган жудаям кучли мафкуравий қурол. Ҳар қандай ўтмишни турли мақсадда намойиш қилиш ва бу орқали жамият таъсирини ўтказиш мумкин. Аксарият мамлакатларда, айниқса, постсовет республикаларда тарих амалдаги ҳокимият юритаётган давлат сиёсатига хизмат қилади.
Масалан, Ўзбекистон тарихчилар жамияти нодавлат-нотижорат ташкилот бўлгани билан миллий ғоя ва мафкурани тарғиб қилади. Шунинг учун ҳам тарихга холис ёндашиш бу, аввало, тарихчининг виждонига ҳавола. Баъзан билиб, баъзан билмасдан тарихий воқелини нотўғри талқин қилиниши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ўзи устида ишловчи, ҳам виждонли тарихчи ёшларни тарбиялаши мақсадга мувофиқ.
Суҳбатдош: Йигитали Маҳмудов
Мавзуга оид
09:45 / 30.05.2026
Илмий даража беришда қатор талаблар бекор қилинади
17:27 / 29.05.2026
Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади
08:43 / 29.05.2026
Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси тизимига ўтказилди
11:12 / 26.05.2026