Жаҳон | 20:26 / 05.11.2019
6911
1 дақиқада ўқилади

Дунёда интернет фойдаланувчилари сони 4 миллиарддан ошди

Сайёрамизнинг 53 фоиздан кўпроқ аҳолиси ёки 4,1 млрд киши интернетдан фойдаланиш имконига эга ва бу кўрсаткич ошишда давом этмоқда. Бу ҳақда Халқаро электр алоқаси иттифоқининг “Рақамли тараққиётни ўлчаш: 2019 йил учун фактлар ва рақамлар” деб номланган докладида айтилган. 

Таъкидланишича, 2018 йилдан 2019 йилгача интернет фойдаланувчилари сони 5,3 фоизга ошган.

Шу билан бирга, 3,6 млрд киши интернетга кириш имконига эга эмас. Уларнинг аксарияти энг кам ривожланган давлатлар фуқаролари бўлиб, бу давлатларда 10 кишидан 2 кишигина интернетга кира олади. Европада бу кўрсаткич энг юқори (82,5 фоиз), Африкада эса энг паст (28,2 фоиз) даражада.  

2019 йил охирига келиб дунёдаги 57 фоиз оила уйидан интернетга кира олади. 

Маълум бўлишича, Ер аҳолисининг 96 фоизи мобил рақамли сигналдан фойдаланиш ҳудудида жойлашган. Бундан 93 фоизини 3G ёки ундан юқорироқ авлоддаги сигнал ташкил қилади. Европа, Ғарбий яримшарда ва Осиё-Тинч океани минтақасида мобил рақамли сигнал билан қопланганлик 95 фоизни, араб давлатларида 91 фоизни, МДҲ ҳудудида 88 фоизни ва Африкада 79 фоизни ташкил қилади.  

Таъкидланишича, дунёда 48 фоиз аёллар ва 58 фоиз эркаклар интернетдан фойдаланади. 

Мавзуга оид