Жамият | 21:49 / 05.11.2019
5502
5 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Вазир томонидан қабул қилинган беморларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, вазир Алишер Шодмонов қабулига келганлар 5 соат давомида кутиб қолишгани тўғрисидаги видеохабар юзасидан изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган Соғлиқни сақлаш вазирлигида буйрак кўчириб ўтказган беморлар беш соатдан бери вазир Алишер Шодмонов қабулига кира олмаётгани ҳақидаги видеохабар юзасидан вазирлик қуйидагиларни маълум қилади.

Ушбу видеохабарда келтирилган важлар мутлақо асоссиз бўлиб, буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларнинг ташрифи кутилмаган ва олдиндан режалаштирилмаган тарзда юз бергани, шунингдек, вазирлик раҳбарияти айнан ўша пайтда хориж делегация билан музокара олиб бораётгани сабабли маълум муддатдан сўнг улар қабул қилинди. Беморлар билан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг шахсан ўзи, вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев ва вазирлик масъул ходимлари иштирокида учрашди. Очиқ мулоқот асосида бўлиб ўтган қабулда, ҳатто, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам иштирок этишига шароит яратиб берилган.

Мулоқот давомида Соғлиқни сақлаш вазири дорилар тендер асосида, қонуний равишда сотиб олингани, беморларнинг талаблари инобатга олинган ҳолда уларга узлуксиз етказиб берилаётганини маълум қилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, беморлар хавотирига сабаб бўлаётган «Аллосепт» ва «Ролиграф» дори воситалари республикамиз ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тегишли мувофиқлик сертификатларига эга. «Ролиграф»нинг таркиби беморларга илгаридан бериб келинган «Панграф»нинг таркиби билан мутлақо бир хил. «Аллосепт» дориси ҳам илгаридан ишлатиб келинадиган «Майсепт» дорисининг тўлиқ аналог шаклидир. Энг муҳими, ушбу дори воситалари зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлиб, ўз давлатида ва бошқа хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган.

Айни пайтда В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси ўтказилган беморлар «Ролиграф» ва «Аллосепт» дори воситалари билан даволаняпти. Аммо ҳозиргача ножўя таъсири ҳақида шикоят бўлмаган. Айни пайтда биргина Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ушбу дори воситасини қабул қилган беморлар сони 30 нафардан ортиқ кишини ташкил этади. Шу кунгача ушбу беморларда ҳам ножўя таъсир кузатилгани йўқ.

Шунга қарамай вазир «Аллосепт» ва «Ролиграф» дори воситалари билан бир қаторда, «Майсепт» ва «Панграф» дори воситалари ҳам берилиши борасида билдирилган мурожаат қаноатлантирилишини ва ушбу препаратлар шу ҳафта ичида жойларга тўлиқ етказиб берилишни маълум қилди. Шунингдек, вазир чирчиқлик бемор Баҳодир Пўлатовнинг Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида доимий диализ олиши таъминланиши билан боғлиқ сўровни ҳам қаноатлантирди.

Шу ўринда эътироф этишимиз жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёти жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, 2018 йилдан буён мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта инсон аьзолари ва тўқималари, шу жумладан, буйрак касаллигининг терминал босқичида бўлган беморлар учун буйрак, шунингдек, жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги буйрак ва жигар трансплантациясини бошидан кечирган барча беморлар учун зарур бўлган иммуносупрессант дорилар билан бепул таьминлашни йўлга қўйган. Трансплантация амалиётини бошидан ўтказган беморларнинг жойлардаги аҳволини ўрганиш ва улар билан мунтазам мулоқотда бўлиб туриш мақсадида трансплантолог мутахассисларнинг юртимиз бўйлаб доимий равишда хизмат сафарлари уюштирилиб, ҳозирда рўйхатда турган 700 нафарга яқин бемор билан юзма-юз учрашувлари ўтказилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, буйрак трансплантацияси ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқ. Бу борада барча жараён Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъий назоратида. Шу бига бирга, вазирлик бундан буён ҳам фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этишни ўзининг устувор вазифаси деб билади ва бунга доимий равишда жиддий эътибор қаратаверади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид