Руфат Рисқиев – ўзбек боксининг чинакам афсонаси. «Тошкент йўлбарси» номи билан танилган боксчининг мухлислари орасида бир неча авлод вакилларининг борлиги шубҳасиз.

Бугунги қаҳрамонимиз спортдаги фаолияти давомида жаҳон ва Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, АҚШ, Куба, Австрия, Испания каби давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда рақиблари устидан оламшумул ғалабаларга эришган.

Уч йил аввал веналар тромбози оғирлашгани туфайли ўнг оёғидан айрилган Руфат Рисқиев 2 октябрь куни ўзининг муборак 70 ёшини қаршилади. Kun.uz мухбири ўзбек боксидаги илк жаҳон чемпиони саналувчи таниқли чарм қўлқоп устаси билан суҳбатлашиш мақсадида унинг хонадонида бўлди.

– Руфат ака, муборак 70 ёшингиз билан самимий табриклаймиз. Кўнглингиздан қандай ҳислар кечмоқда?

– Қутлов учун катта раҳмат. Биласизми, 70 ёшга кирган бўлсам ҳам, ҳалигача ўзимни 25 ёшли йигитдек ҳис қиламан. Кўрганлар ўзгарганимни сезишади. Аммо ҳамон кўнглим ёш, назаримда ўзгармаганман.

– Бир неча йил аввал ўнг оёғингизни операция орқали кестириб ташлаганингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Ҳозир эса ўша миш-мишлар ростлигига ишонч ҳосил қилдик.

– Бир пайтлар девордан асфальтга сакраганимда оёғим жароҳатланганди. Оғриғига аҳамият бермай, тезда тузалади, деган фикрда юраверганман. Йиллар давомида лат еган жойи йиринглаб кетибди. Шифокорга учрасам, оёғимни кесиб ташлаш кераклигини айтди. Шундан сўнг ўша ҳолатда ҳам яна ярим йил юрдим. Кейин охири ўнг оёғимни кестириб ташлашга мажбур бўлдим.

 – Кун бўйи бир жойда ўтириб зерикмайсизми?

– Йўқ, асло зерикмайман. 16 ёшдан 27 ёшгача шунақа кўп юрганманки, самолётма-самолёт, мусобақама-мусобақа, машғулотма-машғулот юриб, ўн йилдан ортиқ умрим ўтди.

Бир сафар Болгариядан Россияга учиб келдим. Ўша заҳоти Москвадан тўғри Германияга жўнашим керак эди. Аммо масъуллар Германияга эмас, Тошкентга учиб кетишим зарурлиги ва бир неча кун ҳордиқ олиб, сўнг Германия томон учишимни айтишди. Шунда қувонганимдан «Ураа уйга бораман!» дея роса сакраганман. Ўзим истаган дунёнинг кўп давлатларида бўлдим. Фақат Италия ва Францияга боролмаганман.