Жаҳон | 23:39 / 10.11.2019
3832
2 дақиқада ўқилади

Боливияда норозиликлар ортида президент сайловлари қайта ўтказилиши эълон қилинди 

Боливия президенти Эво Моралес мамлакатда янги президент сайловлари бўлиб ўтишини эълон қилди.  

“Мен Боливия халқи янги ҳукуматини сайлай олиши учун янги сайловлар ўтказилишини эълон қиламан”, деб айтган Моралес. Бироқ президент сайловлар қачон ўтказилишига аниқлик киритмаган.

2006 йилдан бери мамлакатни бошқариб келадиган Моралес янги сайловларни олий сайлов судининг (сайлов комиссияси) янги таркиби ўтказишини маълум қилган. У, шунингдек, кескинлик даражасини камайтиришга чақирган.

“Мен барча кескинлик даражаси пасайиши учун имкони бор ишни қилишини истайман. Мен барчани тинч-осуда яшашни кафолатлашга чақираман”, деб қўшимча қилган Моралес. 

Боливияда 20 октябрда президент сайловлари бўлиб ўтганди. Унда амалдаги президент Эво Моралес ғалаба қозонганди. Бироқ унинг асосий рақиби – собиқ президент Карлос Меса Моралеснинг 1-турда ғолиб бўлганини тан олмаслигини айтган.

Моралес президент деб эълон қилингач, мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Намойишчилар ҳукуматни сайловларда фирибгарлик қилганликда айблаган. Шундан кейин Моралес фавқулодда вазият тартибини эълон қилган ва мухолифатни давлат тўнтарувини амалга оширишга уринишда айблаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид