Ўзбекистон | 14:16 / 13.11.2019
76348
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура ходимларига 3та фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги 746–ХII-сонли Қонуни 43-моддасининг (Прокуратура органларидаги лавозимларга тайинланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар) бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Прокуратура органлари ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш тақиқланади”.

43-модданинг бешинчи қисми амалдаги таҳрири қуйидагича эди:

“Прокуратура органлари ходимлари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас. Улар илмий, ўқитувчилик ва ижодий фаолият билан фақат асосий ишдан бўш вақтда шуғулланиши мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, прокуратура органларида прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар ва иш ўрганувчилар лавозимига олий юридик маълумотга эга, зарур касбий фазилатлари бўлган, зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тайинланади.

Алоҳида ҳолларда, прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассислар қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар лавозимига йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган шахслар тайинланади.

Прокуратура органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси бош прокурори белгилайдиган тартибда аттестациядан ўтказилиши лозим.

Мавзуга оид