Сенат ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонундаги ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда давлат сирларини ҳимоя қилиш 1993 йил 7 майда қабул қилинган “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун асосида тартибга солинади. Мазкур қонун мутахассислар томонидан таҳлил қилинганида, унда қайта ўрганиб чиқилиши ва такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган.

Хусусан, қонунда давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасида органлар ваколатлари, махфийлик даражалари, маълумотларни махфийлаштириш муддатлари, давлат сирларига рухсат ва ҳуқуқни расмийлаштириш асослари аниқ белгилаб берилмаган. Шу боис, ушбу қонун асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатларда давлат сирларидан фойдаланиш ва улар билан ишлаш турлича талқин этилмоқда.

Шунингдек, давлат сирлари билан ишлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби, махфийлик режимини таъминлаш ва махфий иш юритишни тартибга солиш Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор махфий қарорлари асосида амалга оширилади. Ушбу қарорнинг махфийлиги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини етарли даражада билмасликларига сабаб бўлмоқда.

Давлат сирлари билан танишиш ва танишишга рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар тоифалари, давлатлар ўртасида давлат сирларини ўзаро алмашиш тизими ҳам амалдаги қонунда тартибга солинмаган. Бу бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик ва ахборот алмашиш сиёсати талабларига жавоб бермаяпти.

Қолаверса, давлат сирларига тегишли маълумотларни махфийлаштириш муддатлари амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган. Оқибатда маънавий эскирган, ноактуал бўлган ҳужжатлар архивларда йиғилиб бориб, уларнинг тақдири ҳал қилинмасдан қолмоқда”, деди маърузасида Толибжон Мадумаров.

Қайд этилишича, бу каби ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида ДХХ томонидан “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган.

Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси, ДХХ ҳамда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бугунги кунда амалдаги қонун бўйича фақат ДХХнинг давлат сирларидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган эди.