Ўзбекистон | 09:42 / 14.11.2019
7870
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ташқи реклама бозори: энг муҳим жиҳатлар

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги республикада реклама бозорини тартибга солувчи мавжуд норматив-ҳуқуқий база бўйича энг кўп берилаётган саволларга жавоб қайтарди.

Реклама бозори қайси орган томонидан тартибга солинади?

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги тузилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентликнинг асосий вазифаси – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солишда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.

Бугунги кунгача реклама қонунчилиги масаласи билан қайси орган шуғулланган?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигини ташкил этилиши билан реклама соҳасида ягона давлат органи тузилди.

Жорий йилнинг январ ойига қадар ушбу функцияни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бажарган.

Ўзбекистонда реклама бозори ривожланмоқдами?

2018 йил 1 декабр ҳолатига Ўзбекистонда реклама конструкцияларининг сони 9 605 та бўлган бўлса, жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига уларнинг сони 10 170 тани ташкил этган.

Статистика маълумотларига кўра, республика ташқи реклама бозори ривожланмоқда ва унинг реклама бозоридаги улуши 22 – 25 фоизгача ташкил этмоқда, худди шу кўрсаткич жаҳон бозорида тахминан 5-7 фоизга тенг.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга тузатишлар киритиш керакми?

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, мана 20 йилдан бери унга амал қилиб келинмоқда. Табиийки, унга тегишли тузатишлар киритиш вақти келган.

Шу муносабат билан, бугунги кунда “Реклама тўғрисида”ги қонунни ривожланган бозорнинг янги талабларига мос келадиган янги таҳрири ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси бевосита таъсир кўрсатадиган қонун сифатида ишлаб чиқилиб, унда қуйидагилар назарда тутилган:

Қонуннинг асосий вазифалари ва татбиқ этиш соҳаларини янада кенгайтириш;

янги асосий тушунчалар;

реклама соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли орган ва нодавлат ташкилотларнинг қўшимча ваколатлари;

реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таҳлил этиш тартиби, шунингдек рекламани реклама тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқлигини экспертизадан ўтказиш;

реклама фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

рекламага нисбатан умумий ва махсус талаблар, хусусан, рекламадаги янги тақиқловчи нормалар ва рекламани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва жойлаштиришда вояга етмаганларни ҳимоялашга бўлган талабларни кўпайтириш;

ҳомийлик бўйича талаблар билан бир қаторда, реклама соҳасидаги ҳамкорлик учун нормаларни киритиш;

реклама воситаларининг алоҳида турларига, хусусан, телевидениеда реклама, телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда транспортдаги реклама, шунингдек ташқи реклама ва ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга нисбатан талаблар;

товарларнинг алоҳида турларига, яъни дори воситалари, биологик ва озиқ-овқат қўшимчалари, болаларга мўлжалланган озиқ-овқатлар, алкоголли ичимликлар, тамаки ва тамаки маҳсулотлари, чилим, электрон сигаретлар, пиротехника воситалари. Қурол-яроғ ва ҳарбий хизмат учун мўлжалланган маҳсулотларни реклама қилиш нисбатан мавжуд талабларни янада кенгайтириш;

юридик шахсларнинг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузишига нисбатан жавобгарлигини тиклаш, шунингдек қонунчиликнинг алоҳида нормаларини бузганлик учун янги диспозициялар ва санкциялар.

Мазкур қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идораларнинг, шунингдек реклама бозори субъектларининг таклифларини ҳисобга олган қайта ишлаб чиқилди ва келишиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги №702-сонли қарори қандай мақсадда қабул қилинди?

Реклама бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш, республика аҳоли пунктлари қиёфасини яхшилаш, шунингдек, ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги №702-сонли “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Ушбу қарор билан бир қатор янгиликларни киритиш таклиф қилинган. Хусусан, янги жойлар рўйхатини тузиш (аввал субъектлар ўзлари қидиришган), очиқ электрон савдолар орқали ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш ҳуқуқини олиш (аввал сабабсиз рад этишлар ёки “алоҳида тўлов” эвазига рухсат бериш холлари мавжуд эди), ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида 10 йилгача муддатга, давлат мулки бўлган бинолар ва иншоотларда 5 йилгача муддатга жойлаштириш ҳуқуқини бериш (аввал муддат кўрсатилмас ва исталган вақтда ҳокимиятлар томонидан бекор қилиниши мумкин эди).

Ушбу янгиликлар тизим шаффофлигини таъминлаш ва мазкур бозорга янги субъектларни киришига қулайликлар яратиш мақсадида жорий этилди.

Маълумот учун:

• 2018 йилнинг 26 сентябр ҳолатига Тошкент шаҳрида 453 та субъектнинг 6227 та конструкцияларга паспорти бор;

• 453 та субъект ичида 10 та компания ҳиссасига 3244 (ёки 52,1%) та конструкция тўғри келади;

• 282 тадбиркорлар (компаниялар) ёки 62,2% биттадан (213) ёки иккитадан (59) конструкцияларга эга;

• 39 якка тартибдаги тадбиркорлар 1128 (18,1%) конструкцияга эга;

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида қандай янги тартиблар кўзда тутилган?

Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида барча зарурий нормалар (ташқи реклама бозори мониторинги ва аудити, ноқонуний рекламани олдини олиш ёки уни қонунийлигини таъминлаш) назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 702-сонли қарорида қуйидагиларни тасдиқлаш назарда тутилган Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш топширилган:

ташқи реклама объектларини (конструкцияларини), шу жумладан биноларнинг ташқи қурилмалари ва фасадларини қуриш, ижтимоий-жамоатчилик фаоллиги, тарихий-маданий қадриятларга қараб аниқланадиган шаҳарларнинг ва шаҳар зоналарининг категориясини ҳисобга олган ҳолда рухсат этиладиган тоифа ва кўриниш, дизайнерлик ечимлари ва реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш тартиби;

ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини, уларнинг сони, ҳажми ва шаҳарлар ёки шаҳар зоналари категориясига мувофиқ ҳолда шакллантириш тартиби;

“ташқи реклама” тушунчасини аниқлаштирган ҳолда ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини электрон аукционлар орқали сотиш тартиби;

ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш тўловлари миқдорини аниқлаш, шу жумладан ижтимоий ёки тижорат реклама маълумотларини мавжудлигидан қатъи назар, шунингдек, ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимларнинг табақалаштирилган миқдорларини белгилаш тартиби;

ташқи реклама объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг техник регламенти;

муайян майдонда рухсат этиладиган реклама конструкциялари миқдордан келиб чиқиб ҳисобланадиган ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни ўрнатиш нормативлари.

Ташқи реклама мониторинги ким томондан амалга оширилади?

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 4 бандида туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятларига ташқи реклама объектларини (конструкциялари) мониторинг қилиш ва ташқи рекламани ноқонуний жойлаштириш ҳолатларини аниқлаш топширилган.

Мавжуд конструкцияларни инвентаризация қилиш бўйича махсус комиссиялар тузиладими?

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида мавжуд ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) янги талабларга мувофиқ инвентаризация қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳларини тузиш кўзда тутилган.

Инвентаризация натижаларига кўра комиссия қуйидагиларни таъминлайди:

инвентаризация якуни бўйича ташқи реклама объектлари (конструкциялари) уларни жойлаштириш бўйича амалда бўлган нормативларга мослиги тўғрисидаги хулосани;

ушбу қарор талабларига мос келмайдиган жойлаштирилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) паспортларини, гувоҳномаларини, қарорларни ва бошқа ўрнатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, шу жумладан қалбаки ҳужжатларни суд тартибида бекор қилиш.

Ким нимага жавоб беради?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Агентлик контент учун жавоб беради, яъни, ташқи реклама воситаларида жойлаштириладиган реклама реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига жавоб бериши керак.

Бутун дунё бўйича, хусусан МДҲ давлатларида ташқи конструкцияларни ўрнатиш учун рухсат бериш билан маҳаллий ҳокимият органлари (мериялар) ёки реклама масалалари бўйича алоҳида муниципалитетлар шуғулланади. Улар ушбу мақсадларда давлат хазинасидан пул маблағларини оладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги №702-сонли қарорининг 1 бандига мувофиқ, ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш бўйича шартномалар тузишни туман (шаҳар) ҳокимликлари амалга оширади, ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш учун йиғимларнинг 90 фоизи туман (шаҳар) бюджетига йўналтирилади.

Президентнинг 2018 йил 17 августдаги ПҚ-5515-сонли “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонига мувофиқ (3-иловаси), Тошкент шаҳар ҳокимиятининг тугатилган реклама-ахборот комиссиясининг функциялари Тошкент шаҳрининг Бош қурилиш бошқармасига берилган.

Тошкент шаҳрида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ва уни назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

Аввал конструкциялар қандай ўрнатилар эди?

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунинг 20 моддасига мувофиқ, ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланиши кўрсатилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида мазкур Тартиб ҳокимнинг 2007 йил 26 декабрдаги №1148-сонли қарори билан тасдиқланган. Ушбу Тартибга мувофиқ, ташқи реклама конструкцияси реклама жойини техник-ҳужжат паспортини тайёрлаш ва келишиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида ҳақ тўлангандан сўнг (3.1.3 банднинг иккинчи хатбоши) жойлаштирилган. Яъни, реклама конструкциясини жойлаштириш учун субъект 202,0 минг сўм тўлаган (бугунги кун ҳисобида).

Аукционларда қандай “жойлар” сотувга қўйилади?

Биринчидан, аукционда фақат янги жойлар сотилади, эски жойлар аукционга қўйилмайди, яъни, 2018 йилнинг 1 декабри ҳолатига қонуний ўрнатилган конструкциялар бундан мустасно.

Иккинчидан, аукцион иштирокчиси қандай кўринишдаги конструкцияларни ўрнатиш ҳуқуқига эгалигини олдиндан билиш имкониятига эга.

Учинчидан, барча конструкциялар, шу жумладан светдиодли (лэд) экранлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига жавоб бериши ва туманлар (шаҳарлар) аҳолисини ҳордиқ чиқаришига халақит бермаслиги керак.

Реклама эскизига рухсат олиш керакми?

Ўтган йилнинг июн ойидан эътиборан, ташқи манбаларга рекламани жойлаштириш ҳеч қандай келишувларсиз амалга оширилмоқда. Бунинг учун рухсат олиш таклифи айнан Қўмита томонидан берилган бўлиб, мақсад – реклама бозорида рақобатни ривожлантириш бўлган. Маълумот учун, бугунги кунга келиб, рекламани тарқатиш учун битта ҳам рухсат олинмаган. Фақат ташқи реклама эскизларига давлат ва нодавлат органларининг ваколатли мутахассислари томонидан “рухсат” олган. Баъзи ҳолатларда реклама қилинаётган шахсларни текшириш мақсадида ушбу эскизлар ойлаб ушлаб турилган.

Транспорт воситаларидаги реклама тартибга солинадими?

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 21 моддасига мувофиқ, реклама транспорт воситаларида, шу жумладан, метрополитенда фақат уларнинг эгалари ёки мулкдорлари билан келишилган ҳолда ҳамда хавфсизлик талаблари ва йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ жойлаштирилиши мумкин.

Яъни, транспорт ташқи реклама объекти ҳисобланмайди – сабаби у доимо ҳаракатланади, ташқи реклама эса фақат барқарор (ҳаракатланмайдиган) жойларда жойлаштирилади.

Мавзуга оид