2016 йили Тошкент шаҳрининг Олмазор, Шайхонтоҳур ва Сергели туманларида жойлашган ҳовли-жойлар бузилган, эгаларига хоҳишларидан келиб чиқиб ер ёки квартиралар берилган. Компенсация тўловини тўлаб бериш маҳаллий бюджетга юк бўлмаслиги учун шаҳар ҳокимлиги кимда-ким уйи бузилган фуқароларга 2 хонали уй олиб берадиган бўлса, унга Тошкент вилоятидан 5 сотих ер берилиши ҳақида газеталарда эълон берган, туман кадастр бўлими ходимлари уйма-уй юриб, одамларни бундан унумли фойдаланишга тарғиб қилган.

Бу таклиф айни пайтда Яшнобод туманида яшаётган Олим Раҳимовга ҳам маъқул келиб, у уйи бузилган катта бир оилага Сергели туманидан 4 хонали уй олиб беради. Эвазига унга Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 майдаги 416-сонли қарори билан Тошкент вилояти, Зангиота тумани, «Хонобод» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ҳар бири 5 сотихли иккита ер участкаси берилади. Раҳимовнинг давлат ихтиёрига топширилган Сергелидаги квартираси эса уйи бузилган фуқаролардан бирига компенсация сифатида тақдим этилади.

Бироқ орадан 3 ой ўтгандан кейин Раҳимовга берилган ер майдони Зангиота тумани ҳокимининг 10.06.2012 йилдаги 410-сонли қарорига кўра 10 йилга «FARM KOREA» МЧЖга ижарага берилгани ҳақидаги шартнома пайдо бўлиб қолади. Фуқаро мурожаатидан сўнг Тошкент вилояти прокуратураси томонидан 2017 йил 22 декабрда Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 10 июндаги 410-сонли ва 2017 йил 3 июндаги 1230-сонли қонунга зид қарорларига протест киритилиб, 2018 йил 3 февралда ушбу қарорлар бекор қилинади. Аммо Зангиота тумани ҳокимининг 170-сонли қарори билан ер О.Раҳимовга эмас, балки туман ҳокимлиги захирасига қайтарилади.

Ваҳоланки, ҳар бири 5 сотихли 65 ва 66-сонли ер участкалари 2016 йилнинг 11 ноябрида Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Зангиота туманидаги филиали томонидан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида Олим Раҳимов номига расмийлаштирилган. Бу ҳақда тегишли кадастр йиғма жилди ҳужжатлари шакллантирилиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда ТО 0047057 ва ТО 0047051 рақамли гувоҳномалар берилган. Бу гувоҳномалар, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 10 майдаги 416-сонли қарори ҳалигача қонуний кучида, ҳеч қайси ваколатли давлат органи томонидан бекор қилинмаган. Буни Тошкент шаҳар прокуратураси, шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан фуқаронинг шу мазмундаги мурожаатига берилган жавоб хатлари ҳам тасдиқлайди. Бу эса Раҳимовнинг мулкка эгалик ҳуқуқини тўла кафолатлайди.