Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қишлоқлардаги намунавий уйлар қачонгача малакасиз қурувчилар томонидан қурилади? Вазир ўринбосари изоҳ берди
Қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси МЧЖ буюртмаси асосида қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларда сметада ажратилган пулни тежаб қолиш мақсадида арзон иш кучи бўлган малакасиз ишчилар, мардикорлар қурувчи сифатида ишлатилаётгани, вазирлик бу жараённи қачон назоратга олиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Давлат раҳбари томонидан жойларда қурилаётган уй-жойларнинг сифат даражасини кўтариш ҳақида топшириқ берилган. Бугунги кунда буюртмачи хизмати, пудратчиларнинг савиясини оширишимиз керак. Лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган ҳамма ечимларни тўғри амалга ошириш масаласи ҳам бор.
Шулардан келиб чиқиб айни пайтда Қурилиш вазирлиги томонидан Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ҳужжатда буюртмачилар ва пудратчилар бозорини шакллантириш, уларнинг ишини такомиллаштириш, моддий-техника базасини ривожлантириш, кадрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш каби масалалар кўзда тутилмоқда. Очиқ-ойдин айтадиган бўлсак, жойларда буюртмачининг техник назоратини, Қишлоқ қурилиш лойиҳа институтининг муаллифлик назорати бўлими назоратини кучайтиришимиз керак», деб айтган Шуҳратхўжа Ҳошимов.
Қурилиш вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, қурилаётган уйларнинг сифати Давлат архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси томонидан ҳам назорат қилиб борилади. Қурилиш нормаларини бузганларга нисбатан жарима санкциялари ҳам қўлланган.
«Меҳнат бозоридаги бўшлиқни тўлдириш, малакали ишчилар синфини шакллантириш учун вазирлигимиз тасарруфидаги 14та коллежда мутахассисларни қайта тайёрлашни йўлга қўйдик. 2019 йил охиригача 3 мингга яқин ишчининг малакасини ошириб, уларга тегишли сертификатларни бериш устида ишлаяпмиз. Яъни у бетон қуювчи бўладими, ғишт терувчи бўладими, буларнинг ҳаммасининг тегишли малакага эга бўлиши устидаям ишлар олиб борилмоқда. Буям эртага сифат даражасини кўтаришга олиб келади. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилаверади. Сони кўпаяверади», деб айтган Шуҳратхўжа Ҳошимов.
Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Жалоловнинг қўшимча қилишича, сифатсиз уйлар қуришнинг олдини олиш мақсадида илгари қурилиш ташкилотлари ўртасидаги тендерлар Қурилиш вазирлигининг Тендер-консалтинги орқали уюштирилган. Ўша пайтда тендерда қатнашиш учун пудратчилар муайян шартларга жавоб бериши, масалан, малака ва кўникмага эга бўлган ишчи-ходимларга эга бўлиши, банкдаги ҳисоб-рақамида маълум бир миқдорда маблағи бўлиши талаб этилган. Кейинчалик бу ваколат маҳаллий ҳокимликларга ўтиб кетган.
«Ҳозирги кунда уй-жойларни қуриш, ҳаттоки, давлат дастурига киритилган иншоотларни қуриш учун тендер ўтказилмаяпти, фақатгина маҳаллий ҳокимлик органларининг ўзи танлов ўтказиб, объектларни қурилиш-пудрат ташкилотларига бераётгани оқибатида мана шунақа сифатсиз биноларни қуриш келиб чиқаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас», дейди Дилшод Жалолов.
Мавзуга оид
15:28 / 05.08.2020
Оқолтиндаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани аниқланди
20:27 / 13.03.2020
Қурилишда ғишт ишлатиш максимал даражада камайтирилади
10:14 / 29.10.2019
«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиринг компанияси хусусий секторга ўтказилади
11:31 / 03.10.2019