Иқтисодиёт | 21:39 / 20.11.2019
42988
12 дақиқада ўқилади

Ягона бож тўлови ҳақида ҳали нималарни билмаймиз?

Ноябрь ойида божхона-почта соҳасига #ягона ҳештеги билан таъриф бериш мумкин. Ноябрь ойи бошида 2020 йилнинг 1 январидан кучга кириши керак бўлган 30 фоизлик «ягона божхона тўлови» тасдиқланди, 6 ноябрдан 21 ноябргача эса Вазирлар Маҳкамасининг «Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри» муҳокамага қўйилди.

Фақатгина мазкур ҳужжатларни #ягона ва яхлит ҳолда тушуниб олиш қолди холос, чунки биринчи келтирилган қарорда энг асосий бўлган банд – ортиб кетган тақдирда 30 фоизлик божхона тўлови ундириладиган божсиз чегара қийматига аниқлик киритилмаган. «Ягона реестр»га эса ҳали аниқлиқ киритиш талаб этиладиган кўринади, чунки ушбу реестрга кириш кўпроқ ихтиёрий-мажбурий кўриниш касб этган бўлиб, бу эса бугунги кунда давлат томонидан илгари сурилаётган «танлов ихтиёри», «соғлом рақобат» сингари тушунча ва ғояларга бироз зид келиши мумкин.

Дарвоқе, яқинда Давлат божхона қўмитаси томонидан сўнгги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган таҳлилий брифингда ҳам, таассуфки, айнан шу долзарб масалалар четлаб ўтилди.

Бир номаълумли тенглама: «Х» соннинг 30 фоизи

Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни ҚҲТБТ порталида ҳали якунланиб улгурмаган жамоатчилик муҳокамаларининг қайноқ изидан президентнинг 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтишнинг янги соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисидаги қарори (ПҚ-4508, 7.11.2019) эълон қилинди. Айнан масала – божсиз чегара миқдоридан ортиб кетган тақдирда жисмоний шахслардан олинадиган 30 фоизлик ягона божхона тўлови тўғрисида борган. Умуман олганда, ислоҳот ҳақиқатан ҳам оптимизациялашга йўналтирилган, муҳими, якуний ҳужжатда қарор лойиҳасида келтирилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари учун мувофиқ равишда 50 фоиз ва 30 фоизлик миқдор ўрнига барча турдаги товарлар учун 30 фоизлик миқдор белгиланган.

Ҳаммаси рисоладагидек бўлаётгандек, аммо мазкур қарорда ҳам худди қарор лойиҳасидаги сингари бож олинмайдиган чегаранинг бевосита миқдори келтириб ўтилмаган, ахир айнан шу аниқ миқдор чегарасидан ортиб кетган тақдирдагина 30 фоизлик тўлов амал қила бошлаши керак.

Яъни, аслини олганда ҳужжат бир номаълумли тенгламани тақдим этган бўлиб, у номаълумни билмасдан туриб кутилаётган ўзгаришларнинг ҳақиқий миқёсини тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Ахир, бож олинмайдиган чегара яқин орада қайта кўриб чиқилишини тасдиқлаган қатор қонунчилик ҳужжатлари ва лойиҳаларидан келиб чиқиб жамоатчиликда туғилган айнан шу савол ҚҲТБТ порталидаги муҳокамаларда бир неча марта кўтарилган эди-да.

  • Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ёзида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси эълон қилинган бўлиб, унда жисмоний шахсларнинг товарларини халқаро курьерлик жўнатмалари томонидан олиб кириш учун имтиёзли бож олинмайдиган чегарани арзимас 25 АҚШ долларигача тушириш таклиф этилган эди, шу йилнинг 2 октябрида эса Президентнинг (ПҚ-4470) икки ҳафта муддат ичида божсиз чегаранинг ҳозирги кунда амалда бўлган миқдори (ҳар бир чоракда 1000 АҚШ доллари)ни қайта кўриб чиқиш, айнан эса халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир марталик бож олинмайдиган қиймат ва вазн меъёри бўйича таклиф киритиш ҳамда улар ортиб кетган тақдирда йиғимлар ставкаларини аниқлаш зарурати тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Буларнинг барчаси яқин орада имтиёзли чегара албатта қайта кўриб чиқилиши, аниқроғи туширилишини англатади. Унгача эса ушбу чегара миқдори ноаниқлигича қолар экан, 30 фоизлик ягона божхона қиймати аҳоли ва халқаро курьерлик жўнатмаларининг бошқа иштирокчилари учун қандай оқибатларга олиб келиши – хайрли бўлиши ёки электрон тижорат ривожланиши йўлида навбатдаги тўсиқ бўлиши борасида бирор бир хулоса қилишга ҳали эрта.

Бунинг устига тасдиқланган қарорга кўра ягона божхона тўлови «ТИФ ТН коди ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар*» ундирилишини эсдан чиқармаслик керак. (*Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, духи ва атирлар, қимматбаҳо тошлар ва металлардан ишланган заргарлик буюмлари, яъни 2018 йил 6 февралдаги ПҚ–3512-сон қарорга 1-иловада келтирилан товарлар бундан мустасно).

Шу тариқа, оддий истеъмолчилар кейинчалик сотиш учун товарларни олиб кирадиган, аммо шу билан бирга ТИФ ТН коди асосида давлат томонидан белгиланган камайтирилган ёки ҳатто ноль қийматдаги божхона тўловларини тўлаш ҳуқуқига эга бўлган тижоратчи-тадбиркорларга нисбатан атайин фойдаси йўқ бўлган, зарарли ҳолатга туширилади.

  • Масалан, смартфонни олиб киришда божхона тўлови ставкаси (2018 йил 29 июлдаги ПҚ-3818-сонли қарорнинг 1-иловасига мувофиқ ТИФ ТН коди - 8517) божхона қийматининг фоизи нолга тенг. Бугун биз қиймати ҳар чоракда 1000 АҚШ долларидан ошмайдиган смартфон-телефонларни бож тўламасдан олиб киришимиз мумкин, агар уларнинг қиймати ушбу чегарадан ошса, ўша ортиқча қийматдан атиги 15 фоиз ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун 25 доллар тўлаймиз (бу ҳолда акциз солиғи кўзда тутилмайди). Аммо жисмоний шахслар томонидан ёки жисмоний шахслар учун товарларни олиб киришда божсиз чегарадан ошиб кетган тақдирда ТИФ ТН кодларини «писанд қилмаслик» таклиф этилаётган янги қарор лойиҳасига биноан эса истеъмолчилар товарлари қиймати белгиланган чегарадан ошиб кетган тақдирда ноль қийматдаги ёки 5-10 фоиз даражагача пасайтирилган божли товарлар учун ҳам 30 фоиз миқдорда бож тўлашга мажбур бўлишади.

Танлаш ҳуқуқи(ми) ёки ягона реестрга ягона йўл(ми)?

Энди Вазирлар Маҳкамасининг 6 ноябрдан 21 ноябргача - икки ҳафталик муддатга муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги базасида почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини назарда тутувчи (ID-9873) қарори лойиҳасига тўхталсак.

Бир қарашда, ҳужжат фақат почта ва курьерлик жўнатмалари соҳаси вакилларига тегишлидек туюлади. Аммо агар диққат билан қаралса, реестрга кириш масаласи шахсий фойдаланиш учун товарларни олиб киришдаги бож олинмайдиган имтиёзларга бориб тақалади, улардан – эътибор қилинг – фақат Ягона реестрга киритилган почта ва курьерлик компаниялари мижозларигина фойдалана олишади. Иқтибос келтирамиз: «Ўзбекистон Республикасига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали кириб келаётган товарлар учун божхона тўловлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар фақат Ягона реестрга киритилган оператор ва провайдерларга қўлланади».

Мана, сизга реестрга ихтиёрий равишда киришнинг аҳволи: агар кирмасангиз, бозорнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан рақобатдош бўлолмайдиган ҳолатга тушишингиз табиий. Тадбиркор учун муносиб танлов имкониятидан асар ҳам йўқ. Бундай вазиятда «ихтиёрий асосда» жумласидан қарорнинг лойиҳасида фойдаланиш қанчалик тўғри ва ўринли, деб ўйлайсиз?

Умуман олганда, Ягона реестрни яратиш борасида гап кетганда, унинг бозорни ривожлантириш ва шаффофлигини сақлаш учун аниқ афзалликларини ҳам тилга олиш зарур. Реестр яратишнинг асосий моҳияти тушунарли - почта ва курьерлик хизматлари соҳасини мониторинг қилиш ва тартибга солиш. Ушбу соҳа ҳозирги кунга қадар асосан тўсиқлар, текширувлар ва бошқа чеклаш чораларини жорий этиш орқали тартибга солиниб келинар, бундай чоралар оқибати эса операторлар ва провайдерлар эмас, балки тўғридан-тўғри мазкур компанияларнинг хизматларини олувчи бўлганлар, яъни аҳолида ўзининг салбий аксини топаётган эди.

Ҳужжат лойиҳасининг кириш қисмида таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳолига белгиланган нархларда универсал ижтимоий хизматларни кўрсатувчи «Ўзбекистон почтаси» ОАЖдан ташқари 200га яқин хусусий тадбиркорлик субъектлари почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш фаолияти билан шуғулланмоқда.

Ушбу хусусий компанияларнинг миллий операторга нисбатан устунликлари - мобиллик, тезкорлик, мослашувчанлик ва «остонадан остонагача» хизмати кабилардир. Аммо божхона қўмитаси ва унинг алоҳида хизматлари, ушбу компаниялар орасида божсиз имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида тижорат юкларини «шахсий фойдаланиш учун товарлар» ниқоби остида олиб кирадиган муайян ҳуқуқбузарлар бор эканини бир неча бор таъкидлашган. Одатда, бундай компаниялар узоқ вақт бозорда қолмайди, аммо фаол ва мунтазам равишда кўпайишмоқда. Ягона реестр эса, шубҳасиз, бундай компаниялар ва уларнинг ҳаракатларини кузатиб бориш имконини беради.

Қарор лойиҳасида келтирилган Ягона реестрга кириш шартлари таърифланган яна иккита қизиқ бандга эътибор бермасликнинг иложиси йўқ.

Биринчиси – почта ва курьерлик жўнатмаларини почта хавфсизлигини таъминлаш мақсадида текшириш учун техник воситалар мавжуд бўлиши. Бу борада мунозарага ўрин йўқ, албатта. Агар компания бундай талабларга жавоб бермаса, у почта ва курьерлик хизматлари бозорида шунчаки фаолият юрита олмайди, ахир кундалик жўнатмалар орасида тақиқланган моддалар ёки биологик қуролларни ўз ичига олган жўнатмалар ҳам бўлиши ақл бовар қилмас ҳолат экани тайин.

Аммо қарор лойиҳасини ишлаб чиқувчилар реестрга кириш доирасини тобора торайтирадиган яна бир бандни қўшишга қарор қилишган кўринади.

Масалан, барча почта алоқаси провайдерлари, яъни курьерлик компаниялари учун ягона реестрга киришнинг мажбурий шартларидан бири қилиб почта алоқаси оператори билан шартномага эга бўлиши шарт қилиб белгиланмоқда. Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» Ўзбекистонда ягона миллий почта оператори ҳисобланади. Бу қандай шартнома ва у курьерлик компанияларига ресстрга киришдан ташқари яна нима бериши ҳужжатда тушунтирилмаган. Эҳтимол, бирорта айтарли сабаблар ҳам бордир, аммо ҳозирда бу миллий операторнинг шунчаки давлат томонидан қўллаб-қувватланишидан бошқа ҳолатга ўхшамайди.

Гап шундаки, бугунги кунда курьерлик компанияларининг почта алоқаси оператори билан шартнома тузишига ҳожат йўқ, чунки ушбу компаниялар юкларни мустақил ва тезкор равишда «остонагача» етказиб беришади. Шунинг учун, курьерлик компаниялари, одатда, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган шартномаларни фақат авиакомпаниялар билан тузадилар, бу эса ўз самолётларига эга бўлмаган ҳолда мижозларга юкларни чет элдан етказиб беришни таъминлайди. Шунингдек, халқаро курьерлик жўнатмаларини алмашиш жойлари билан ҳам шартномалар тузадилар, бу ерда мамлакатга олиб кирилаётган юклар мажбурий божхона кўригидан ўтказилиб, рўйхатга олинади. Яъни, божхона текширувларининг тўлиқ циклини ўтказиш учун моддий ёки техник шарт-шароитларни ўзинг яратасан ёки ушбу шароитлар яратилган жойга мурожаат этасан. Бугунги кунда ХКЖни текширувдан ўтказишга мўлжалланган учта техник жиҳозланган жой мавжуд бўлиб (Шимолий вокзалдаги божхона назорати постлари, халқаро аэропортдаги постлар, шунингдек, халқаро аэропорт яқинидаги СТР-почта ҳудудида жойлашган «Бошпочта» пости), курьерлик компаниялари улар билан шартнома асосида ҳамкорлик қилишади.

Шу сабабли, провайдерлик компаниялари вакиллари агар компанияларнинг ўзларида бундай шартномани тузишга эҳтиёж бўлмаса, почта алоқаси провайдери билан мажбурий шартноманинг бўлиши тўғрисидаги моддани Ягона реестрга киритиш шартларидан олиб ташлаш керак, деб ҳисобламоқдалар.

Энг асосийси, «Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри»га кириш компанияларнинг божхона имтиёзларига бўлган ҳуқуқларини белгилаб берадиган бўлса, ушбу реестрга киритиш жараёнининг ҳар томонлама шаффофлигини таъминлаш, ҳар қанака коррупцион таркиб ва идоралар томонидан ҳар қандай манипуляция қилиш имкониятлари бартараф этилиши таъминлаши даркор.

Резида Эрдман

PS: Kun.uz таҳририяти нуқтаи назари муаллиф фикри билан мос тушмаслиги мумкин. Бу борада сиз ҳам сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фикр ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Мавзуга оид