«Наманган ХЭТК» электр хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши юзасидан мурожаат билан чиқди
«Наманган ХЭТК» АЖ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари» тўғрисидаги қарори ҳамда электр хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши юзасидан истеъмолчиларга мурожаат билан чиқди.
«Жойлардаги айрим фуқароларимиз томонидан электр узатиш ҳаво тармоқларининг муҳофаза ҳудудларида ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қуриб олишлари, электр тармоқлари тагига ҳар хил турдаги дарахтлар экиб олишлари, тармоқларнинг авариясиз ишлашига халақит бераётган дарахтлар фуқаролар томонидан кестирилмаётгани, қурилиш бўлаётган объектларда темир ҳавозалар жойдан жойга кўчирилишида кучланиш остида турган юқори кучланишли ҳаво тармоқларига рухсат этилмаган масофага яқинлашишлари оқибатида кўплаб инсонлар электр кучланиш таъсирига тушиб, жиддий зарар кўриш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Мисол учун, 2018 йилнинг 8 майида Норин туман Ҳаққулобод шаҳарчаси «Зарбдор» МФЙда яшовчи Р. исмли фуқаро хонадони 35 киловольт кучланишли «Норин» электр узатиш ҳаво тармоғининг муҳофаза ҳудудида жойлашиб олган бўлиб, хонадонда қурилиш бўлаётган том қисмини таъмирлатаётган вақтда икки нафар уста электр кучланиш таъсирига тушиб қолишган.
2018 йилнинг 9 июнь куни Резина пласт корхонасида табиий газ қувурларини бўяётган ёлланма ишчилар ишни тугатиб, деворга қўйилган темир нарвонни олаётган вақтда юқори кучланишли электр тармоғига нарвон тегиб кетиб, 0,6 метрдан кам бўлган рухсат этилмаган масофада яқинлашиб, ўз эҳтиётсизлиги оқибатида 1 нафар ишчи кучланиш таъсирига тушиб қолган.
2019 йилнинг 3 июль куни тахминан соат 6:50 атрофида туман ҳудудида кучли шамол билан ёмғир ёғиши бошланган ва ҳудуддаги терак дарахти илдизи билан қўпорилиб, 220 вольт кучланишли электр узатиш ҳаво тармоғининг устига тушиши ҳисобига хонадон учун уланган сим узилиб ерга тушган. Уйчи туман «Зиёкор» МФЙда яшовчи қаровсиз қолган З. исмли 3 ёшли қизалоқ ерда ётган кучланиш остида бўлган электр симини ушлаб олиб, кучланиш таъсирига тушиб қолган.
Шунинг учун электр узатиш тармоқлари ҳимоя ҳудудларида қурилиш таъмирлаш ишларини олиб бораётган фуқаролар электр таъминоти корхонасининг ёзма рухсатномасини олиб, хавфсиз иш шароитларини таъминлагандан кейин иш жараёнини ташкил қилиши зарур. Бунинг учун электр узатиш ҳаво тармоқлари яқинида ишлашдан олдин, оқиб ўтаётган электр энергиясининг хавфлилиги тўғрисида ишловчилар албатта билишлари ва тегишли хавфсизлик чораларини кўришлари талаб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари» тўғрисидаги қарорида электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари мавжуд.
Бир киловольтгача кучланишли тармоқлар учун - 2 метр (биноларни деворлари, конструкциялар ва ҳоказолар бўйлаб ўтказилган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли тармоқлар учун муҳофаза зонаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўрнатилган бундай тармоқлардан рухсат этилган энг кам масофалар билан аниқланади);
20 кВ.гача кучланишли тармоқлар учун – 10 метр (ахоли пунктлари чегараларида жойлашган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли тармоқлари учун 5 метр);
35 кВ кучланишли тармоқлар учун – 15 метр;
110 кВ кучланишли тармоқлар учун – 20 метр;
220 кВ кучланишли тармоқлар учун – 25 метр;
500 кВ кучланишли тармоқлар учун – 30 метр;
Ер ости электр узатиш кабель тармоқлари бўйлаб – электр узатиш тармоғининг иккала томонига параллел вертикал текисликлар билан чегараланган, четдаги кабеллардан 1 метр, агар кабель тармоқлари шаҳарларда йўлаклар остида ўтказилганда эса бино ва иншоотлар томонга 0,6 метр ва кўчанинг транспорт ҳаракатланадиган қисми томонига 1 метр масофага четланган ер участкасининг юза қисми, унинг остида жойлашган (электр узатиш кабель тармоқлари ўтказилган чуқурликка мос тарзда) ер қаъри кўринишида белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, келиб чиқадиган низолар ва бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида «Наманган ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутахассис ходимлари ушбу 1050-сонли қарор моҳияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари ҳамда вилоят, туман газеталарида мақолалар берилиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бормоқда.
Истеъмолчиларга электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида, электр узатиш тармоқлари тагига 3,5-4 метрдан баланд ўсадиган дарахтларни экмаслик, узоқ йиллик баланд ўсадиган дарахтларни экиш электр симларига тегиб, нохуш ҳолатлар, яъни электр энергияси таъсирига тушиш, жароҳатланиш, ёнғин келтириб чиқариши тўғрисида кўникмалар беришмоқда.
Кўпчилик ҳолларда хонадонлар ўзига тегишли ер участкаларидан ташқарига чиқиб, йўл бўйлари, ариқ бўйлари бошқа жойлардан ўтган электр узатиш ҳаво тармоқлари тагига узоқ йиллик баланд ўсадиган дарахтларни экиб, электр узатиш тармоқлари меъёрида ишлашига хавф-хатар туғдириш ҳолатлари давом этмоқда. Бу электр симининг дарахт шохлари тегиши натижасида узилиши, фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдириши бўйича маҳалла масъуллари, фуқароларга тушунтириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Азиз юртдошлар! Юқорида айтиб ўтилган нохуш ҳолатлардан хулоса чиқариб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари» тўғрисидаги қарорида ҳамда электр хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя этилмаса инсон жиддий жароҳатланиши ёки эрта ҳаётдан кўз юмишини унутмаслиги керак», дейилади «Наманган ХЭТК» АЖ маълумотномасида.