Наманганда “Коррупцияга қарши кураш” мавзусида йиғилиш ўтказилди
“Наманган ХЭТК” акциядорлик жамиятида жорий йилнинг 13 сентябрь куни “Коррупцияга қарши кураш” мавзусида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бекзоджон Мирзаахмедов, бошқарманинг бўлим бошлиғи Улуғбек Холмирзаев, вилоят “Маҳалла “ хайрия жамғармасининг маънавият ва маърифат тарғиботчиси, шоир Зиёвиддин Мансуров ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг 03.01.2017 йилги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ 419-сонли Қонунининг ижросини таъминлаш, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва унинг таркибий бирликларида коррупцияга қарши курашиш дастурини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган Йўл харитасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Б.Мирзаахмедов бугунги кунда Наманган шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналарида рўй бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар ҳақида тўхталиб, барчани бу каби иллатларнинг олдини олишга чорлади.
Йиғилишда халқимизнинг суюкли ва ардоқли шоири Зиёвиддин Мансуров сўз олиб, мамлакатимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганини баён этиб, бу борада сезиларли даражада ўзгаришлар бўлаётгани тўғрисида гапирди.
Кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилаётгани тўғрисида тўхталди.
Вилоятда ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилётгани ўзининг самарасини бермоқда.
Шунингдек, йиғилишда “Наманган ХЭТК” АЖ Молия иқтисод ва электр энергиясини сотиш масалалари бўйича директори А.Тиллабоев, Инновация ва фан масалалари бўйича директори Д.Мамаджановлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.