Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш сиёсатининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланади:

хорижий мамлакатларнинг давлат ва нодавлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар томонидан Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган, замонавий демократик ҳуқуқий давлат сифатида яхлит ва ижобий қабул қилинишини кучайтириш;

сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларни давом эттириш, республиканинг инвесторлар ва ишбилармон шериклар учун жозибадорлигини кучайтириш, жаҳон миқёсида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон манфаатларига мос келадиган муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун энг қулай шароитларни шакллантириш;

халқаро майдонда Ўзбекистоннинг жозибали миллий брендини шакллантириш ва мустаҳкамлаш орқали минтақавий ва глобал бозорларда маҳаллий товарлар ва хизматлар экспортини илгари суриш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва унинг жаҳон ҳамжамиятида ижобий қабул қилинишини кенгайтириш орқали миллий суверенитет, барқарорлик ва хавфсизликни кучайтириш.

Ўзбекистонни Осиёнинг етакчи ишбилармонлик, маданий ва туризм марказлари сафига киритиш.

Концепцияга кўра, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги ижобий имижини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда халқаро нуфузини ошириш учун зарур шарт-шароитларни белгиловчи Ўзбекистоннинг асосий имиж хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

бой маданий, тарихий, маънавий ва интеллектуал мерос, давлатчиликнинг кўп асрлик тарихи;

фан ва маданият, дунё ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ва тан олинган ҳиссаси;

анъанавий ва юқори даражадаги миллатлараро ҳамда конфессиялараро ҳамжиҳатлик, жамиятдаги ижтимоий тотувлик ва бағрикенгликка асосланган дунёқараш;

юқори даражали инсоний потенциал, шаклланган давлат ва жамоат бошқарув органлари тизимининг мавжудлиги;