21:00 / 22.11.2019
0
14776

Террорчилик таҳдиди нуқтаи назаридан энг хавфли ва энг хавфсиз давлатлар маълум қилинди. Ўзбекистон энг хавфсиз давлатлар орасида 

Фото: EPA

“Глобал террорчилик индекси” (The Global Terrorism Index - GTI) халқаро мутахассислар гуруҳининг ноябрда янгиланган тадқиқотида террорчилик ҳужумларига учраш нуқтаи назаридан Ўзбекистон 138 давлат ичида 135-ўринни эгаллаб, энг хавфсиз давлатлардан бири деб топилди. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизнинг ушбу рейтингда позицияси аввалгисига қараганда 3 ўринга яхшиланган. 

Рейтингда бирор давлат қанча юқори позицияни эгалласа, у шунчалик хавфли деб ҳисобланади.

Тадқиқотга кўра, Беларусь ва Туркманистон МДҲ давлатлари орасида энг хавфсиз давлатлар деб топилган. Ушбу икки давлат яна 24 давлат билан бир қаторда охирги ўринни эгаллаган. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 85-ўринни, Қирғизистон 87-ўринни эгаллаган. Тожикистон 50-ўрин билан Марказий Осиёда террорчилик таҳдиди энг юқори бўлган давлат деб топилган. 

Рейтингга ҳаммаси 138 та давлат киритилган бўлиб, МДҲ давлатларидан Арманистон, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон ва Украина рейтингда ўз позицияларини яхшилаб олган.     

Афғонистон, Ироқ, Нигерия ва Сурия эса энг хавфли давлатлар деб топилган. Рўйхатнинг юқори ўнталигига, шунингдек, Покистон, Сомали, Ҳиндистон, Яман, Филиппин, Конго киритилган. 

Европа Иттифоқи давлатлари орасида Британия террорчилик ҳужумларига энг кўп учраши мумкин бўлган давлат деб топилган. У рўйхатда 28-ўринни эгаллаган.
 
Дунёнинг йирик давлатларидан АҚШ рўйхатда 22-ўринни, Россия 37-ўринни, Хитой 42-ўринни эгаллаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top