Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ва ўқитувчилар учун «проездной»лар электрон кўринишда сақлаб қолинади
2020 йил 1 январдан Тошкентда жорий этиладиган йўл ҳақи тўлашнинг aвтоматлаштирилган тизими доирасида ўқитувчилар, пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзлар сақлаб қолинади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
«Ойлик йўл чипталари сақланиб қолади, фақат улар электрон шаклга ўтади. Қоғоз кўринишида бўлмайди, ҳар ой сотиб олинмайди. Ҳозир, масалан, талабалар ойлик йўл чиптасига 60 минг сўм тўлаётган бўлса, худди шу имтиёздан пулга пластик шаклидаги ягона транспорт картаси орқали фойдаланиш мумкин. Ўқитувчиларимиз, пенсионерларимиз, ўқувчи-талабалардан ҳеч ким бу имтиёзни олиб ташлаётгани йўқ», дея Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Фото: Иброҳим Дўшанов
Транспорт вазирлиги автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметовнинг маълум қилишича, имтиёзли транспорт карталари шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Фото: Иброҳим Дўшанов
«Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, ойлик йўл чиптаси жамоат транспортидан бир ой давомида 133 марта фойдаланиш ҳуқуқини беради. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарорида бор. Фақат шу пайтгача назорат механизми бўлмагани сабабли бунинг ҳисоби юритилмасди. Шу сабабли «проездной»дан бир кунда ўн марталаб фойдаланилмоқда. Жорий этилаётган автоматлаштирилган тўлов тизимида ҳам худди шу ойлик йўл чипталари бўлади», дейди Анвар Жўраев.
Матбуот анжуманида жорий этилаётган автоматлаштирилаётган тизим орқали йўл хақи тўловлари йиғими 15-25 фоизга кўпайиши, замонавий технологик ечимларни қўллаган ҳолда йўловчиларнинг айрим тоифалари учун жорий этилган (имтиёзли тариф бўйича ва бепул ташувлар) субсидиялаш механизми мақбуллаштирилиши кутилаётгани қайд этилган.