Light | 19:00 / 27.11.2019
43629
9 дақиқада ўқилади

Митти даҳонинг 10 белгиси: Фарзандингизнинг қобилиятини қандай баҳолаш мумкин?

Фарзандингиз даҳо эканлигини қандай англаш мумкин?

Табиий қобилиятлар қанчалик яхши бўлмасин, нотўғри танланган таълим уларни йўқ қилиши мумкин. Фарзандингиз келажакда муваффақиятли тадбиркор, иқтисодчи ёки IT мутахассиси бўла олса-чи? Ривожлантиришга ва далда беришга арзийдиган митти даҳонинг 10 белгиси билан танишинг.

1. Хато қилишдан ҳайиқмаслик

Заковатлилар янги нарсаларни синаб кўришади ва таваккал қилишдан қўрқишмайди. «Агар бирор иш қилишга киришсанг, уни мукаммал бажар» руҳида хавфли перфекционизмни сингдирманг. Шундоқ ҳам ўзига нисбатан ўта талабчан бўлган бола учун бу каби кўрсатмалар зарарли бўлиши мумкин, шунинг учун унинг муваффақиятсизликларига эътибор берманг. 

Фарзандингизга уни бирор нимага эришгани учун эмас, борича севишингизга ишонишига ёрдам беринг. У ҳали катта ҳаёт тажрибасига эга эмас, у ҳамма нарсани илк марта синаб кўряпти. Танбеҳ ва масхараларингиз унга жўшқинлик бахш этиши даргумон. Танқид қилиш ўрнига, ҳар қандай йўл билан илҳом бағишланг: агар бирор нима ўхшамаса — майли, кейинги сафар уддалайди.

2. Жамоада ҳам, ёлғиз ҳолатда ҳам қийинчилик сезмайди

Баъзида ҳатто даҳо ёрдамга муҳтожлик сезади. У ҳамма нарсани қилишга қодир бўлиши керак: вазифаларни белгилаш ва тақсимлаши, бевосита ва вакил орқали ишлаши ва керак бўлганда турли соҳалардаги барча муаммоларни гуруҳ ёрдамисиз енгиб ўтиши лозим.

Жамоавий ишлашдан мақсад ким энг ақлли ёки қобилиятли эканлигини исботлаш эмас, балки фақат умумий меҳнат орқали амалга ошириладиган ажойиб нарсалар ва ғояларни биргаликда яратиш. Болага дунёда нуқтайи назари уникидан фарқ қиладиган одамлар бўлиши мумкинлигини ва бу мутлақо нормал ҳолатлигини тушунтиринг. Ва албатта, сиз болангизни бошқалар билан таққосламаслигингиз керак: у яхшироқми ёки ёмонми фарқи йўқ, ҳар бир инсон ўз услубича яхши.

3. Юқори ҳиссий ақли билан ажралиб туради

Фарзандингиз турли одамлар билан тил топиша олади, стрессдан тезда халос бўлади, зиддиятли вазиятлардан ақлли равишда чиқади ва кескин вазиятни қандай юмшатишни биладими? Табриклаймиз, сиз даҳони тарбиялаяпсиз. 

Ҳиссий ақл — бу инсон ўзининг ва бошқа одамларнинг ҳис-туйғуларини ёки ниятларини аниқлашга ёрдам берадиган кўникмалар тўплами. Уни ривожлантириш учун болага нима учун у муайян ҳис-туйғуларни бошдан кечираётганини тушунишга ёрдам беринг. Агар у ғазабланса, сабаби нималигини ойдинлаштиринг. Эҳтимол, у бирор нарсадан хафа бўлган ёки у шунчаки ғамгин ҳолатда ва ҳеч бўлмаганда шу йўл билан эътиборни жалб қилмоқчи. 

Барча ҳис-туйғулар мавжуд бўлишга ҳақлидир: бола нафақат қувончни, балки ғазабни, нафратни ёки қайғуни ҳам бошдан кечириши мумкин. Фақат уларни жазава билан эмас, балки суҳбат орқали ифодалаган маъқул — балоғат ёшида бундай маҳорат бир неча бор наф келтиради.

4. Молиявий саводхонлик сиздан кўпроқ билимга эга

Сиз ғурра орттиришни қойиллатар эдингиз, болангиз эса ҳозирданоқ пулни тўғри сарфлай оляпти ва тезда ўз бюджетини бошқариш бўйича билимларни ўзлаштирди. Бир даҳо етишиб чиқиши учун бу кўникмаларни ривожлантириш жуда муҳимдир. 

Болаларга молиявий саводхонлик асосларини ўргатиш учун аввал пул нималиги ва у қаердан келиб чиқишини тушунтиринг: улар шунчаки берилмайди, ишлаб топилади. Ушбу маълумотни шахсий мисол билан мустаҳкамлаш мумкин: болага унинг одатий вазифаларига кирмайдиган уй ишларини ишониб топширинг ва озгина пул билан мукофотланг. Даромад билан нима қилиш кераклигини боланинг ўзи қарор қилиши керак: хоҳласа уларни дарҳол паққос тушириладиган ширинликларга сарфласин ёки туғилган кунида ўзи учун совға қиладиган ажойиб ўйинчоқ учун жамғарсин.

5. Вақтни самарали бошқариш қобилияти

Бундай болаларда кунига 48 соат вақт бордек туюлади: ўқиш учун ҳам, спорт, қўшимча машғулотлар ва ўйин-кулгиларга ҳам вақтлари етарли. Агар бу ҳолат болангизга тегишли бўлса, уни камида қобилиятли деб ҳисоблаш учун барча асослар бор. 

Болалар қобилиятларини ўрганувчи психолог Натан Лейц иқтидорли болалар ўзларининг юқори самарадорликлари билан ажралиб туришини аниқлади. Меҳнатга бўлган мойилликнинг кучайиши нафақат умумий интеллектуал қобилият, балки катта ҳаётдаги муваффақиятнинг калитидир. Шундай экан, болангизда ушбу фазилатни шакллантиринг. 

6. Ҳар қандай ишга алоҳида ёндашади 

Саратон касаллигини даволовчи дорини ўйлаб топиш, юлдузга айланиш ёки муваффақиятли бизнес юритиш учун умумий майдонларни таҳлил қилиш, янги имкон ва ечимлар топишни уддалаш жуда муҳимдир. Бола муаммоларни ностандарт усуллар орқали ҳал этяптими? Ажойиб, уни рағбатлантиринг. 

Катта ҳаётда кўпинча муваффақиятга элтган йўл эмас, муваффақиятнинг ўзи аҳамиятлидир. Демак, турли муаммоларни ҳал қилиш усуллари билан тажриба ўтказишингиз мумкин, иш натижаси белгиланган мезонларга мос келса бўлгани. Масалан, сиз фарзандингиздан идишларни ювишини сўрайсиз. Унинг тепасида туришингиз ва идишларни нотўғри ушлаётгани учун танқид қилишингиз ёки мустақил равишда ҳаракат қилишини таклиф қилишингиз мумкин. 

7. Танқидий фикрлаш

Ғояга ишониш ва уни охиригача бажаришга тайёр бўлиш мақташга арзигулик фазилат, лекин баъзида бу ғоянинг истиқболи йўқлигини вақтида тушуниш яхшироқдир. Агар бола маълум бир мавзуга кўп куч сарфлаш керак ёки йўқлигини тахмин қилишга мойил бўлса, уни мусиқа мактабини ҳар қандай тарзда тугатишга ва дарслар ёки машғулотлар ўртасида сарсон бўлишга мажбурламанг. 

Шубҳаланишни ва атрофда содир бўлаётган ҳодисаларнинг сабабларини излашни ўргатганингиз маъқул. Масалан, қишда бош кийим кийишга мажбур қиласиз. Бу нима: сизнинг инжиқлигингизми ёки ҳақиқий заруратми, чунки усиз осонгина касал бўлиб қолиш мумкин?

«Бу тўғри, чунки уни мен айтяпман» каби ёндашув даҳоларни етиштирмайди. Болага ҳатто хатолар орқали бўлса ҳам иштиёқ ва кузатувчанликни кўрсатишига имкон беринг — шундагина мустақил фикр юритишни ўрганади ва атрофдаги нарсаларни кўр-кўрона қабул қилмайди.

8. Ҳамма нарсани тез ўрганади

Ва янги билимларни дарҳол амалда қўллайди. Қолиплар ва чекловлар у учун эмас, бола итоаткор ижрочи ролида шунчаки қийналади.

Мустақил бўлишга ўргатиш учун болалар ўзлари ҳам мукаммал қила оладиган нарсаларни улар учун бажариб берманг. Бу нафақат уй вазифаларига, балки хонани тозалаш ёки идишларни ювиш каби уй юмушларига ҳам тегишли. Агар бола тушунмаса — тушунтиринг, ҳатто бир неча бор бўлса ҳам ва ўзингиз ўрнак бўлинг. Ҳа, аввалига натижа оз бўлади, аммо бу учун уришманг, лекин нима ва қаерда нотўғри бўлганини изоҳлаб кетинг. 

9. Ахборот хавфсизлиги қоидаларига ғайриихтиёрий равишда амал қилади

Катта авлод вакиллари технологиядан эҳтиёткорлик билан фойдаланишни тажрибада ўрганишлари керак эди. Бугунги кунга келиб ҳатто болалар ҳам бировнинг маълумотларини унинг рухсатисиз кимгадир қолдириш ва ўзиникиларни ўйламай тарқатиш катта муаммоларга олиб келишини яхши билишади. 

Бироқ, бу боланинг интернетда нима қилаётганини кузатишга бўлган эҳтиёжни бекор қилмайди. Антивирусингизни мунтазам янгиланг, браузерингизда хавфсиз қидирувни ишга туширинг ва ота-она назорати дастурини ўрнатинг. Сиз ҳар нарсага жиддий қарашингиз ва унинг ёзишмаларини ўқишингиз шарт эмас — агар болага ғалати ёки ҳақоратли нарсалар юборилса, у сизни бу ҳақида хабардор қилишига келишиб олинг.

10. Масъулият олишдан қўрқмайди

Замонавий даҳо бу битта функцияга эга бўлган хонаки ўсимлик эмас, балки илҳомлантирувчи кузатувчи ва етакчидир. У ўз олдига мақсадларни қўйиши ва қарорлар қабул қилиши, бошқаларни илҳомлантириши ва ўз режасига эришиш учун жамоанинг ҳаракатларини мувофиқлаштириши керак. 

Бола масъулият нималигини ўрганиши ва ўз ҳаракатларининг оқибатлари ҳақида хабардор бўлиши учун унга эркинлик беринг. Қаерда бўлмасин мустақил қарор қабул қилсин.

Мавзуга оид