1920 йилда АҚШда йигирма нафар ёши катта ва тажрибали ўйинчилар саккиз ёшли болакай билан шахмат ўйнагани ва ютқазгани шов-шув бўлади. Самуэл Герман Решевский Вест-Поинтдаги ҳарбий академияга боради ва у ерда тажрибали йигирма нафар шахматчи билан бирданига дона суради. Натижа ҳавас қилгулик эди: бола фақат битта дуранг қайд этади, қолганлар устидан эса ғалаба қозонади.
Унинг рақиблари таниқли математик-шахматчилар, обрўли кишилар эди. Боланинг ғайриоддий истеъдоди кўпчиликни қойил қолдиради.
Ўртаҳол оилада туғилган
Решевский 1911 йилда ҳозирги Полша ҳудудига тўғри келувчи Озоркув шаҳарчасида дунёга келган. Ўша пайтда ҳудуд Россия империяси назоратида эди. Болакай художўй яҳудий оиласида туғилганди, ундан ташқари оиланинг яна беш нафар фарзанди бор эди.

Тўрт ёшга кирган пайтдаёқ бола шахмат қонун-қоидаларини тўлиқ ўрганиб, дона сура бошлайди. Оила Лодз шаҳрига кўчганда истеъдодли бола поляк гроссмейстери Георг Салве эътиборига тушади. Шундан сўнг митти вундеркинд кучли шахматчилар билан шаҳар биринчиликларида ўйнай бошлади.
Решевский илк халқаро турнирини олти ёшида Австрия пойтахти Венада ўтказган. Иштирокчилар катта ва кучли шахматчилар эди, улар митти рақибга беписандлик билан қарашарди. Оқибатда ғалаба бола тарафида бўлди, ҳатто австриялик машҳур шахматчи Волф ҳам бола олдида ожиз қолди.
Кейин Решевский словениялик гроссмейстер Милан Видмар билан бир неча соат кучли жанг олиб борди. Якунда эса Видмар амаллаб ғалабани қўлга кирита олди.

Йўқотилган болалик
Кўпчилик вундеркиндлар каби фавқулодда истеъдод Решевскийга муаммо ҳам туғдирди: у шахмат билан овора бўлиб, мактабда тузукроқ ўқий олмади.













