Бу белги ишлатилган батарейкаларни чиқинди қутиларига ташлаш қатъиян тақиқланишини англатади. Чунки ўзи бармоқдек келадиган бу митти энергия манбалари инсон саломатлиги ва табиат учун жуда катта зарар етказади.

Кичкина деманг бизни...

Бу энергия манбалари кичкина бўлишига қарамай, зарари анчагина. Чиқиндига ташланган батарейканинг устки қопламаси турли ташқи таъсирлар (иссиқ, эрозия) натижасида эрийди ва унда сақланувчи кадмий, симоб, никель, рух, қалай, магний каби заҳарли моддалар «озодликка чиқади». Битта батарейка 20 метр квадрат ер, 400 литр сув, иккита дарахт, 1та типратиканни заҳарлашга етадиган зарарга эга.

Батарейкадан ҳавога кўтариладиган ва сувга аралашадиган заҳарли моддалар кишида ўпка саратони, ҳазм тизими аъзолари касалликлари, суяк хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Батарейкаларни бола ўйнаб, оғзига солишига мутлақо йўл қўймаслик керак!

Батарейкалар умумий чиқиндининг 0,25 фоизини ташкил этса-да, чиқиндилардан атроф-муҳитга етадиган зарарнинг нақ 50 фоизи уларнинг улушига тўғри келади.

Хорижда қандай?

Европа давлатларида ишлатиб бўлинган батарейкалар утилизация қилиш (қайта ишлаш) учун йиғиб олинади. Бунинг учун барча дўконлар ва муассасаларда махсус идишлар ажратилган.

Савдога чиқариладиган янги батарейкаларнинг нархига утилизация чиқимлари ҳам қўшиб ҳисобланади, маълум фоиз устама қўйилади. Агар харидор янги батарейка хариди чоғида ишлатилган батарейкаларни тақдим этса, муайян чегирмага эга бўлади. Ғарб давлатларида ишлатилган батарейкаларнинг 50 фоиздан ортиғи утилизация қилинади. Мисол учун, Германияда автомобил эгаси янги аккумлятор сотиб олмоқчи бўлса, эскисини топшириши шарт, акс ҳолда жаримага тортилади. Энергия манбаларини ўзбошимчалик билан йўқотишга йўл қўйилмайди.

Батарейка утилизацияси хомашё сарфини камайтиради

Қувват берувчи батареялар ва аккумляторлар таркибида қайта ишлашга яроқли қисмлар кам миқдорни ташкил этади. Лекин йиғиб олинган яроқсиз батарейкаларни қайта ишлаш орқали янги батарейкалар, пластик, қора қалам, металл, қоғоз, ўғит, автомобил шиналари учун қопаламалар олиш мумкин.