Жамият | 20:50 / 28.11.2019
14340
6 дақиқада ўқилади

Пахта теримига жалб қилинган маҳкумларнинг вақтинча сақлаш жойига омбудсманнинг эълон қилинмаган ташрифи уюштирилди

Омбудсман томонидан ўз ваколати доирасида 42-сонли манзил колонияда  (Зангиота тумани) жазо муддатини ўтаётган шахслар меҳнатининг ташкил этилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинди.

Фото : KUN.UZ

“Мониторинг доирасида маҳкумлар сақланадиган манзил колонияга (15.11.2019) ва пахта терими ишларига жалб қилинган маҳкумларнинг Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги вақтинча сақлаш жойига (18.11.2019) эълон қилинмаган ташрифи уюштирилди.

Мониторинг давомида қишлоқ хўжалиги ишларига 230 нафар маҳкум, шу жумладан 150 нафар аёл ва 80 нафар эркак жалб қилинганлиги аниқланди. Маҳкума аёллар туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бир қаватли ғиштли бинога, эркаклар 30 кишигача яшаши учун мўлжалланган нам ва совуқ ўтказмайдиган палаткаларга, муассаса маъмурияти ҳам шундай палаткаларда жойлаштирилган. Шу каби палаткаларда ошхона ҳамда маҳкумларнинг учрашиш жойлари ташкил этилган. Ҳар бир хонада керакли миқдорда иситиш қурилмалари мавжуд.

Шунингдек, маҳкумлар жойлашган ҳудуддаги ғиштли бинода стационар тиббий ёрдам кўрсатиш пункти, совуқ ва иссиқ суви мавжуд ювиниш хонаси ҳамда ҳожатхоналар ташкил этилган.

Маъмурият томонидан маҳкумларга ҳар куни 3 маҳал иссиқ овқат ташкил этилган, истеъмол товарлари сотилиши йўлга қўйилган.

Пахта терими маҳкумлар учун белгиланган вақт доирасида ташкил этилиб, терилган пахта килограмми учун маҳкумлар ўз вақтида нақд пул олиши таъминланган. Жумладан, биринчи терим учун 800 сўм, иккинчи терим учун 1 200 сўм.

Ҳар бир маҳкума аёлга икки жуфт резина пойабзал, эркакларга қалин пахталик шимлар бепул берилган. Пахта йиғим-теримида намуна кўрсатган маҳкумларга рағбатлантириш сифатида қўшимча 15 та термос, 70 бўлак “адрас” матоси, 520 дона пахта мойи, 1 080 та гигиеник совун тарқатилган.

Маҳкумлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва маданий ҳордиқ олиши учун ижодий жамоалар иштирокида 5 марта концерт дастурлари уюштирилган.

Маҳкумларга зарур стационар ва амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг соғликлари билан боғлиқ мурожаатларида асосан шамоллаш ҳолатлари баён этилган. Соғлиги қишлоқ хўжалиги майдонларида ишни давом эттириш имконини бермаган айрим маҳкумлар стационар даволанишни давом эттириши учун манзил колонияга қайтарилган.

Мониторинг давомида омбудсман вакиллари 36 нафар маҳкум билан яккама-якка суҳбатлар ўтказди. Суҳбат жараёнида маҳкумлар ҳаёти ва фаолияти учун зарурий шарт-шароитлар яратилганлиги, олдинги йилларга нисбатан имкониятлар яхши эканлиги, ёши 45 дан ошган маҳкумлар учун кунлик терим режаси умуман белгиланмаганлиги маълум қилинди. Шунингдек, ҳеч бир маҳкумга нисбатан маъмурият томонидан бирор-бир таъсир ўтказилмаётганлиги билдирилди.

Маҳкумлар берган маълумотга кўра, маъмурият маҳкумларнинг ихтиёрий қишлоқ хўжалиги ишларида иштироки тўғрисида аризалар тўплаш ташкил этмаган.

Бу давр мобайнида Жиноят-ижроия кодексига мувофиқ 4 нафар маҳкум, шу жумладан 3 нафар эркак ва 1 нафар аёл интизомий жазога тортилган. Қоидабузарликлар ички тартиб-қоидаларига мувофиқ, тақиқланган ашёлардан фойдаланганлик ва маъмурият йўлланмаси бўйича маҳкум бўлиши керак бўлган жойни ўзбошимча тарк этганлиги билан боғлиқ.

Юқорида қайд этилганларга асосан, қишлоқ хўжалиги ишларига маҳкумларни жалб этилиши инсон ҳуқуқлари, шунингдек маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга зид эмас. Хусусан, БМТнинг Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидаларига мувофиқ (1955 йил) “барча жазога тортилган маҳкумлар врачлар томонидан тасдиқланган, ўз жисмоний ва руҳий қобилиятларига мос меҳнат қилиши шарт. Маҳбусларга нормал иш кунини тўлдириш учун етарли бўлган фойдали ишни юклаш зарур.

Муассасаларда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга раҳбарликни хусусий пудратчиларга эмас, балки қамоқхона бошқармасига юклаш мақсадга мувофиқдир. Маҳкумлар ўз меҳнати учун муайян тизим доирасида адолатли тақдирланиши керак. Ушбу тизимга мувофиқ маҳбуслар ўзлари ишлаб топган пулнинг бир қисмини кундалик ҳаёти учун зарур рухсат этилган буюмларни сотиб олишга сарфлаш ва бир қисмини оиласига юбориш имкониятига эга бўлиши керак.

Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенциясига кўра “мажбурий меҳнат” термини “суд органи қарори билан чиқарилган ҳукм натижасида бирор-бир шахсдан талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматга, агар бу иш ёки хизмат давлат ҳокимияти назорати остида амалга оширилса ва мазкур шахс хусусий шахслар, компаниялар ёки жамият ихтиёрига берилмаса, татбиқ этилмайди”.

“Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактда ҳам (1966 йил) “ваколатли суд ҳукмига кўра оғир меҳнатни бажариш” ҳамда “оддий фуқаролик мажбуриятларига кирадиган ҳар қандай иш ёки хизмат” мажбурий меҳнатга киритилмайди.

Европа пенитенциар қоидаларида (1987 йил) қуйидагилар таъкидланади: “озодликдан маҳрум этиш жойларидаги меҳнат ахлоқ-тузатиш, касбга тайёрлаш ва маъмурий бошқарувнинг ижобий жиҳати сифатида қаралади. Озодликдан маҳрум этиш жойларида меҳнатни ташкил этиш ва унинг усуллари маҳбусларни эркин меҳнат қилишнинг нормал шарт-шароитларига тайёрлаш учун жамиятда қўлланиладиган меҳнатга имкон қадар яқин бўлиши керак. Маҳбуслар иш куни ва иш ҳафтасининг энг узоқ давом этиши озодликда меҳнат қиладиганларга нисбатан қўлланиладиган амалдаги маҳаллий қоидалар ва нормаларга мувофиқ белгиланади”.

Мавзуга оид