Ўзбекистон | 17:40 / 28.11.2019
23615
3 дақиқада ўқилади

Раъно Шодиева: «Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг атиги 2 фоизи иш билан таъминланган»

Бугун, 28 ноябрь куни, Халқаро анжуманлар саройида «XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида форум бўлиб ўтди. Ушбу халқаро тадбирда хорижий ва маҳаллий экспертлар гендер тенглигига эришиш муаммолари, ёшларга оид қатор масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзаро муҳокамага киришишди. Тадбирда ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш борасида қилинаётган ҳаракатлар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар республика маркази раҳбари Раъно Шодиева бу йўналишдаги қатор муаммоларни санаб ўтди.

«Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар кўлами кенгайиб бормоқда. Жамоат жойлари, бинолар, жамоат транспортлари ногиронлиги бўлганлар юртдошларимиз учун қулай  қурилмоқда, жиҳозланмоқда. Ҳозирги кунда ногиронлиги бўлган фуқаролар 710 минг нафарни ташкил қиляпти. Улардан 101 минг 316 нафари болалар ва 300 мингдан ортиғи аёллардир. Ногиронлиги бўлганлар чекланган ижтимоий инфраструктура, жумладан, маълумот олиш имконияти, ишга жойлашиш борасида дискриминация билан тез-тез тўқнаш келишади. Шу қаторда, жамоатчилик стереотипи, таълим олиш, қарор қабул қилишдаги чекловлар шунга мисол бўлолади.

Бу йил БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини Ўзбекистон ҳукумати имзолаганига 10 йил тўлади. Айни вақтда ушбу ҳужжатни ратификация қилиш жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда. Конвенциянинг реализацияси ногиронлиги бўлган шахсларга ўз имкониятларини тўла очиб беришга, ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмак беради. Инклюзив таълим-тарбияни ривожлантириш орқали юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Фикримча, инклюзив таълим тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш вақти келди. Инклюзив таълимнинг мақсади ҳар бир инсон тенг ҳуқуқлилик асосида билим олиш имкониятини яратишдир. 2018 йилда ОТМларида ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 фоиз қабул квотаси ажратилди.  2019 йилда 1 минг 350 нафар ногиронлиги бўлган шахслар талаба бўлиш имкониятига эришишди. Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашда республика бўйлаб 3 фоизлик квота ажратилган. Атиги 2 фоиз ногиронлиги бўлган фуқаролар иш билан таъминланган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.  

Шодиеванинг қўшимча қилишича, ногиронлиги бўлган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиши зарур. Уларга нисбатан жамиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйновчи ресурс сифатида қарашни шакллантириш лозим.

Мавзуга оид