Жамият | 19:37 / 26.05.2021
8913
2 дақиқада ўқилади

Раъно Шодиева: «Ўзбекистонда кар-соқовлар учун сурдо гидлар ва сурдо шарҳловчилар тайёрланмаслиги катта муаммо»

Кеча, 25 май куни Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва ёшлар ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида «Меҳрли қўллар» имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази раҳбари Раъно Шодиева Ўзбекистонда кар-соқовлар учун сурдо гидлар ва сурдо шарҳловчиларни тайёрлаш таклифини билдирди.

Унга кўра, сурдо гид мутахассислар тайёрланмаслиги юртимизга келадиган кар-соқовлар учун қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

Сурдо шарҳловчилар етишмаслиги эса спортга қизиқувчи кар-соқовларни жамиятга тўла мослашишига, бу борадаги қизиқишларини рўёбга чиқаришига йўл бермайди.

Азиз Абдуҳакимов марказ раҳбарининг бу таклифи жиддий ва жуда муҳим эканлигини таъкидлаган ҳолда, унинг тўла қўллаб-қувватланишини билдирди.

«Хорижга борганда кўрамиз, ҳамма жойда шундай мутахассислар бор. Бундай мутахассисларнинг камлиги – бу Ўзбекистоннинг жуда катта камчилиги. Сиз яхши фикр бердингиз, биз бу борада катта бир дастур қилишимиз керак.

Мен Самарқанд ипак йўли туризми университети ректори сифатида ҳукуматга таклиф киритаман: бу йил шу ОТМда сурдо гид ва сурдо таржимонлик йўналишида камида 5-10та квота оламиз.

Бу грант асосидаги квоталар бўлади. Шуни ёшларимизга етказинг. Ким лозим топса, Самарқандга бориб ўқиши мумкин.

Мен бошқа йўналишдаги ОТМларда ҳам шу йўналишга квота ажратиш бўйича Олий таълим вазирлигига илтимос киритаман.

Сурдо спорт шарҳловчиларини тайёрлаш борасидаги таклифингиз ҳам жуда долзарб. Бизда Россиянинг Самарқанддаги Жисмоний тарбия, ёшлар билан ишлаш ва туризм университети бор.

Биз у ерда сурдо спорт шарҳловчиларини тайёрлаш бўйича қўшимча 5та квота ажратамиз. Бунга ваъда бераман», – дея Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид