Ўзбекистон | 08:58 / 30.11.2019
11896
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёшлар парламенти тузилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

2020 йилда Ўзбекистонда ёшлар парламенти тузилиши мумкин. Ёшлар парламенти аъзолари ёшларга дахлдор қонунлар тайёрланиши, такомиллаштирилишида сенаторлар билан бирга иштирок этади. Ушбу жараёнда уларнинг фикрлари инобатга олинади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева “Ўзбекистон” анжуманлар саройида бўлиб ўтган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалаларида шерикликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форумда маълум қилди.

– Бугунги кунда республикамизда аҳолининг 60 фоизини ташкил этадиган ёшлар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг салоҳияти ва иқтидорини рўёбга чиқариш борасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Сенат раиси Т.Норбоева. – Президентимиз томонидан 2016 йил сентябрь ойида биринчи бўлиб “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланганлиги, 40 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинганлиги юртимизда ёшлар масаласи муҳим аҳамият берилаётганини яққол кўрсатади. 2017 йилда Президентимизнинг ташаббуслари билан Ёшлар иттифоқи ташкил этилди, бу эса бутун Ўзбекистон ёшларини бир ғоя атрофида бирлаштириш учун қўйилган муҳим қадам бўлди.

Бугунги глобаллашув даврида ёшлар ва хотин-қизларни экстремистик ғоялар таъсиридан, зўравонлик қурбони ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан ҳимоя қилиш – ҳар бир давлат олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Бу каби салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига меҳнат миграцияси масаласи асосий омиллардан бири бўлмоқда. 

Мазкур муаммоларни ҳал этишда ҳеч қайси давлат якка ҳолда самарали натижаларга эриша олмайди. Шу боис уларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва биргаликда ишлаш зарур. Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миграция масалаларини тартибга солиш борасида халқаро стандартларга мос равишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва тўлиқ ҳуқуқий асослар яратилди.

Навбатдаги вазифа – мазкур йўналишлардаги халқаро ва хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда ушбу ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишдан иборат, дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид