Жаҳон | 14:26 / 16.11.2024
3801
3 дақиқада ўқилади

Янги Зеландияда маори депутатлари баҳсли қонун лойиҳасига норозилик билдириб, мажлисда рақсга тушди

Депутатлар янги қонун лойиҳаси туб аҳоли вакиллари бўлган маориларнинг ҳуқуқларини чеклашидан хавотирланмоқда.

Фото: AP

Янги Зеландия парламенти мажлисида Те P Maori партияси аъзолари анъанавий маори ҳака рақсини ижро этиб, норозилик билдирди. Шу тариқа улар мунозарали қонун лойиҳаси бўйича овоз беришни бузмоқчи бўлди, деб хабар бермоқда CNN.

Йиғилишни қисқа муддатга тўхтатишга тўғри келган. Чунки балкондаги одамлар рақсга қўшилиб, уларнинг қичқириқлари бошқа депутатлар овозини босиб кетган.

Маори депутатлари мустамлакачи Британия ҳукумати ва 500 нафардан ортиқ туб аҳоли етакчилари ўртасидаги 184 йиллик шартнома — “Вайтанг шартномаси”ни қайта кўриб чиқадиган қонун лойиҳасига қарши. Ушбу ҳужжат ер, маданий ҳуқуқлар ва маориларнинг ҳукумат билан ўзаро муносабатларини тартибга солади, шартнома шу вақтгача мамлакатда қонунчилик ва сиёсатни белгилашда муҳим рол ўйнаб келган.

Шартнома талқинлари асосида Янги Зеландия қонунчилигида бир нечта тамойиллар пайдо бўлган.

  • Ҳамкорлик: маорилар ва қироллик ҳалол ва виждонан ҳамкорлик қилиши шарт.
  • Иштирок: маорилар барча даражадаги қарорларни қабул қилишда иштирок этиш имкониятига эга.
  • Ҳимоя: ҳукумат маориларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва маданий қадриятларини фаол равишда ҳимоя қилиши лозим.

Аммо коалицион ҳукумат таркибий қисми бўлган ACT либертар партияси бу тамойилларни камситувчи ва одамларни ирқий ажратувчи деб ҳисобламоқда.

Либертарианларнинг фикрича, ушбу тамойиллар маори ва маори бўлмаган аҳоли учун икки хил тизимни вужудга келтиради. АCТ томонидан таклиф этилган қонун лойиҳасида маори ҳуқуқларига тааллуқли айрим принциплар “ҳукумат ва парламент барча фуқаролар манфаати учун ҳаракат қилади”, “қонун олдида ҳамма тенг ва камситишларсиз бир хил ҳуқуқларга эга” деган умумий формулалар билан алмаштирилган.

Кўпчилик маорилар ва уларнинг тарафдорлари қонун лойиҳаси мамлакатдаги маҳаллий халқлар ҳуқуқларига путур етказади, деган фикрда. Янги Зеландия шимолидан юзлаб намойишчилар мамлакат пойтахти Веллингтонга йўл олди. У ерда ўн минглаб одамларни митингга тўплаш режалаштирилмоқда.

Те P Maori депутатларининг эътирозларига қарамай, ACT таклиф қилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан ўтди. Бироқ либертарлар партиясининг коалицион ҳамкорлари уни қонун сифатида қўллаб-қувватламасликларини аллақачон маълум қилган. Шу сабабли, кейинги ўқишда қонун лойиҳаси катта эҳтимол билан рад этилади.

Мавзуга оид