Ўзбекистон | 20:40 / 03.12.2019
12106
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда асал истеъмоли аҳоли жон бошига қанчага тўғри келиши маълум қилинди

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонда асалари оилаларининг экспорти 245 минг донага етказилди.

«Ўзэкспомарказ»да Халқаро пресс клуб томонидан ўтказилган навбатдаги сессияда маълум қилинишича, асалариларнинг зотини яхшилаш борасида Украинадан 2 минг 450та «карпат», Германиядан 125та «карника» зотли наслли она-арилар келтирилди. Илмий мақсадлар учун эса Германиядан маҳаллий шароитга мослашишни ўрганиш учун 50та «бакфаст» зотли оналар олиб келинди. Йил давомида 19 минг тоннадан ортиқ асал етиштирилди. Ҳозирда асал истеъмоли аҳоли жон бошига 0,56 килограммга тўғри келмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, ўтган 10 ой ичида асаларичилик субъектлари сони 14 минг 430тага, асалари оилалари сони эса 816 мингтага етказилди. 300 минг доллар миқдордаги асаларичилик соҳасида ишлатиладиган замонавий ускуна ва жиҳозлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан озод қилинган ҳолда импорт қилинди.

Шерали Суярқулов

«2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университети ва Самарқанд ветеринария тиббиёт институтида «Асаларичи-зоотехник» мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бошланди. Барча ҳудудларда биттадан коллежлар белгиланиб, ўрта маълумотли асаларичилар таълим олиш учун «Асаларичи-зоотехник» мутахассислиги бўйича бир йиллик ўқиш ташкил этилди. Чет эллик мутахассислар коллеж ўқитувчилари учун асаларичилик курсини ўқитиш методикаси бўйича семинарлар ўтказди. Илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва талабалар алмашиш мақсадида Россия, Исроил ва Украинанинг илмий ва ўқув муассасалари билан горизонтал алоқалар ўрнатилди», дея «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси раиси Шерали Суярқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида айтилишича, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташаббуси билан 2,5 мингдан зиёд асаларичилар оилалари баҳорги-ёзги даврда Қирғизистон тоғларига вақтинчалик олиб чиқилиб, қўшимча 120 тонна тоғ асали имтиёзли асосда республикага олиб кирилди. Сўнгги уч йил ичида мум ва мумни қайта ишлаш цехлари сони 5тадан 12тагача кўпайтирилди.

Ҳасан Раҳматов

«Якунланаётган йил уюшма ва банкимиз таъсисчилигида лизинг компанияси фаолияти ташкил этилди. Бунинг натижасида тижорат банкларининг кредити ва лизинг компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан лизинг асосида асаларичилик учун зарур ускуналар ва инвентарлар, асалари уялари ишлаб чиқариш технологик линиялари, асал қадоқлаш ускуналарини лизинг асосида етказиб бериш йўлга қўйилди.

Йил давомида соҳани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун 270 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди», деди «Алоқабанк» бошқаруви раиси ўринбосари Ҳасан Раҳматов.

1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Ўзкўргазмасавдо» марказида «Асал байрами» ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма ярмаркасига старт берилди. Учинчи бор ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида мамлакатнинг барча вилоятларидан 300дан ортиқ асаларичилик соҳасининг энг илғор вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.

Ярмарка 10 декабргача давом этади.

Мавзуга оид