Иқтисодиёт | 20:10 / 06.12.2019
9464
2 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексига товламачиликка қарши нормалар киритиляпти — Молия вазири ўринбосари

Қўшилган қиймат солиғи қайси ҳолатларда ҳисобга олинмаслиги маълум бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар, уларнинг мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Солиқ кодекси лойиҳасида назарда тутилган солиқ тўловчиларнинг товламачилик хатти-ҳаракатларининг, шу жумладан товар-моддий бойликларини бепул беришни, раҳбарлар ва уларнинг оила аъзолари ва бошқаларнинг эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликларини сотиб олиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чоралар ва уларнинг қандай амалга оширилишига ойдинлик киритди.

«Қўшилган қиймат солиғи бир томонлама тартибга солувчи солиқ бўлган бўлса, нарх-навога қараб туради. ҚҚС кирганидан кейин жуда катта фойда қилиб бўлмайди. Фойдангиз қанча кўп бўлса, шунча кўп солиқ тўлашингизга тўғри келади.

Иккинчи томондан, ҳар бир корхона шу нарсадан фойдаланишга ҳаракат қилади, кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилади. 

Унинг [ҚҚСнинг] товламачилик функцияси кўпайиб кетмасин деган савол чиқяпти. Шунинг учун ҳозир Европа мамлакатлари, бошқаларнинг тажрибаларини ўрганганимизда товламачиликка қарши нормалар бор. Ўша нормалардан биттаси – агар корхона ўзи, директори, оила аъзолари учун бирор нима сотиб олаётган бўлса, унинг қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаслик нормалари киритиляпти. Шу жумладан, автотранспорт, вертолёт ва ҳоказоларни олганда биз айтяпмизки, бу нарсанинг ҚҚСини ҳисобга олиш мумкин эмас. Сотиб олишига қаршилигимиз йўқ, лекин бир нарсага эътибор қаратинг. ҚҚС бўйича ҳисобга олишга рухсат бермаймиз», дея Дилшод Султоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид